09 Октябрь 2018
Баҳодир Йўлдошевнинг ёшлар билан “Китобга муҳаббат” номли ижодий учрашуви

Инсон туғилиб эсини танир экан, ўз ҳаёти давомида кўплаб қийинчиликларни бошидан ўтказади. Бу синовларни енгиши, улардан тўғри йўл билан ўтиши учун, яқин маслаҳатгўй дўстга эҳтиёж сезади. Инсон ҳаётида чинакам ва беминнат дўст бу китобдир. Ҳар бир инсон ҳаёт йўлидаги машаққатларни енгишда ўз билими ва тафаккурига таянади. Билим ва тафаккурни эса биринчи навбатда китобдан оламиз.

Китоб - бу инсониятнинг қадим тарих мобайнида яратган энг буюк мўжизаси ва ихтиросидир, у инсонни ақлан етук даражага эришишига ва маънавий камолотига ёрдам беради.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 9 октябрь куни “Дийдор” театр студиясида атоқли режиссёр, чин маънода ўзбек театр саҳнасининг бир қатор дурдоналарини саҳналаштирган ижодкор, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, “Наврўз”, “Мустақиллик”, Халқаро мақом санъати анжумани ва бошқа оммавий давлат тадбирлари режиссёри Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев иштирокида “Китобга муҳаббат” номли ижодий учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Маданият вазирлигининг масъул ходимлари, вазирлик тасарруфидаги Бошланғич ташкилотлари етакчилари ва фаол ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда мамлакатимизда бугунги кунда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ёшларнинг ҳар жиҳатдан билимли ва комил инсон бўлиб вояга етишларида китобнинг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилади, шунингдек Баҳодир Йўлдошевнинг узоқ йиллик ибратли ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида жонли мулоқот қилинди.

 

Охирги янгиланиш: 16.10.2018 | 18:22