10 Октябрь 2018
Қўқон маданияти тарихи давлат музейида “Назм, наво ва нафосат” анъанавий анжумани бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 5 октябрь куни Қўқон маданияти тарихи Давлат музейида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “Назм, наво ва нафосат” деб номланган анъанавий анжуман бўлиб ўтди. Ушбу тадбирга мустақиллик йилларида ўзларининг фидокорона меҳнат фаолиятлари туфайли турли хил орден ва медаллар билан тақдирланган қўқонликлар, нуронийлар, меҳнат фаҳрийлари, фаол ёшлар, харбийлар, жамоатчилик вакиллари, жами мингга яқин мехмонлар ташриф буюрдилар.

Анжуман уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда иштирокчилар “Нафосат оламининг дақиқ мўжизалари” деб номланган тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси билан танишдилар.

Кўргазмада қўқонлик етук мусаввирлар, хайкалтарошлар ва уларнинг шогирдлари – ҚДПИ, Қўқон санъат коллежи, 7 болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг асарлари намойиш этилди. Анжуманнинг иккинчи қисмида Қўқон адабий муҳити вакилларининг адиба ва олима Олмосхон Аҳмедова ҳамда олим, шоир ва ҳофиз Назиржон Назаров билан ижодий мулоқоти ташкил этилди. Учрашув иштирокчилари Олмосхон Аҳмедова ҳамда Назиржон Назаров ҳаётлари ва ижодий фаолиятларига бағишланган кўргазма билан танишдилар.

Шунингдек, тадбирнинг ушбу қисмида мазкур ижодкорлар таваллудининг 80 йиллиги ҳам нишонланди. Анжуманнинг учинчи қисмида Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова ҳамда қўқонлик санъаткорлар катта концерт дастурини намойиш этдилар. Иштирокчилар бу анжуманда назм, наво ва нафосатдан баҳраманд бўлиб, жисмонан ва руҳан ҳордиқ чиқардилар.

 

Охирги янгиланиш: 15.12.2018 | 15:08