10 Октябрь 2018
“Қувноқ томоша”га мархамат

 Хоразм вилояти қўғирчоқ театри жорий репертуар режасига кирган, Д.Юлдашева қаламига мансуб, режиссёр Г. Юсупова инсценировкаси асосидаги “Қувноқ томоша” спектакли театр ички бадиий кенгаши кўригидан ўтгач ҳамда Республика миқёсидаги мутахассислар, атоқли режиссёр Олимжон Салимов  ва шоир Усмон Азим бевосита томоша қилиб илиқ муносабатларини билдиргач,  биринчи марта қадимий Хива шахридаги 3-сон ўрта умумтаълим мактабида намойиш қилинди.

Янги спектакль премьераси мактаб ўқувчиларида нихоятда катта таассурот қолдиргани, кутилганидан ҳам муваффақиятли чиққани айниқса қувонарлидир. Спектакль давомида томошабинларнинг жараёнларга бефарқ эмаслиги, воқеалар ривожига эътибор қаратишлари, актёрлар билан тўғридан тўғри мулоқотга киришишлари томошага янада жозиба бағишлади.

Энди бевосита спектаклнинг ўзи хусусида тўхталадиган бўлсак, спектакль ўз номига монанд равишда бир-бирига боғланиб кетадиган қувноқ томошалардан иборат бўлиб, томошабинга юқори кайфият бахш этади. Ортиқча жимжимадорликдан холи, содда ва ёрқин декорация сахна асарига янада жозибадорлик қўшган. Спектаклнинг асосий қахрамонлари Новча ва Пакана масхарабоз образлари турли хил қиёфаларда кўриниш беришади. Томоша давомида Африка халқлари ва лўлилар рақс элементларига мурожаат этилган. Кўз боғлагичнинг илон ўйнатадиган сахнаси, ундаги сурнайнинг илон томонидан тортиб олиниши, унга илон ўйнатувчининг ўзи рақсга тушиб кетиши спектаклга эртакнамолик бағишлаган. Спектакль қахрамонлари бутун намойиш давомида тез-тез томошабин болалар билан мулоқотда бўлишади, бу эса ўз навбатида болажонларда нутқ қобилияти ва хозиржавобликнинг  шаклланишига ёрдам беради.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 16.10.2018 | 18:22