11 Октябрь 2018
Гранада Университетига ташриф

Жорий  йилнинг сентябрь ойида “UZDOC 2.0: Ўзбекистон Олий таълим муассасаларида докторлик таълим сифатини яхшилаш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент кимё-технология институти, Қорақалпоқ давлат университети, Қарши давлат университети, Наманган давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Тошкент молия институтининг илмий ходимлари Испаниянинг Гранада университетида бўлиб ўтган семинар-тренингга ташриф буюрдилар.

 Гранада университетлар шаҳри бўлиб,  240 минг аҳолидан 80 минг нафари талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар, административ  ва хизмат кўрсатиш ходимларидан иборат. Умуман олганда аҳолининг учдан бир қисми университетга алоқадор. 2017/2018-йил кўрсаткичларига асосан Гранада университети 86 нафар бакалавр дастури, 110 нафар магистратура дастури (булардан 18 нафари халқаро ҳамкорлик дастурлари ҳисобланади) ва 28 нафар докторантура дастурига эга. Университетда онлайн курслар, ёзги мактаблар ва қисқа курслар ҳам иш олиб боради. У ердаги ахборот коммуникация технологиялари бўлими дунё рейтингида ўз ўрнига эга бўлиб, ахборот коммуникация технологиялари, медицина, маданий мерос ва лингвистика бўлимлари университетдаги энг нуфузли бўлимлар ҳисобланади.

Семинар-тренингнинг биринчи иш кунини оилй таълим даргоҳининг халқаро бўлими бошлиғи профессор Дороти  Келли ва докторлик мактаби директори Тереза Бажолар очиб беришди.  Университетга 1526-йил В. Чарлз томонидан асос солинган бўлиб, 1531-йил Папал Бул университетга “Mobility”  тизимини олиб кирган. Бугунги кунда талабаларнинг умумий сони 54.849 нафарни ташкил этади. Шулардан 4.468 (8%) нафари ўқиш, изланиш мақсадида дунёнинг турли бурчакларидан келган ёшлардир. Гранада университетининг иккита филиали Мароккода очилган. У дунёдаги 800 та олийгоҳ билан ҳамкорлик шартномаларига эга. Университетда 27 та факультет, 123 та бўлим, 16 та илмий изланиш институтлари ва 400 та изланувчи гуруҳлар мавжуд. Бундан ташқари университетда 4 хил тил ўргатиш маркази мавжуд бўлиб, булар:

1.     Араб тили маркази (Al-babtain Center)

2.     Хитой тили маркази (Confucies Institute)

3.     Рус тили маркази (Русский мир Центр)

4.     Замонавий тиллар маркази (Modern Languages Centre)

Тингловчиларни  халқаро докторлик мактаби ҳақида Antonio Garcia Casco, M. Carmen Ruiz, Francisco Contreras таништирди сўнг докторантлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Гранада университетида 3 та халқаро докторлик мактаби ўз иш фаолиятини олиб боради. Булар:

1.     Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқшунослик

2.     Технология ва инженерика

3.     Медицина фанлари

Чет эл тажрибаларидан фойдаланган ҳолда илмий иш қилмоқчи бўлганлар учун  “Co-tutelle”  дастури мавжуд бўлиб, бу дастурга кўра изланувчи ўз юрти ва Гранада университетидаги илмий раҳбарлари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Бунинг учун Гранада Университетидан соҳага хос илмий раҳбар топиш лозим. Илмий иш ёзиш давомида докторант Гранада университетида олти ойлик таълим олиши зарур бўлади.  Ўқиш учун келаётган докторантнинг турар жой ва йўл харажатлари университети томонидан қопланади. Мазкур дастурнинг асосий мақсади миллатлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва дунё тажрибаларидан ўрнак олиб изланишлар олиб боришдир.

Халқаро алоқаларни кўпайтириш ва чуқур ўрганиш мақсадида лойиҳалар билан ишлайдиган махсус бўлим ташкил этилган. Университетда “Erasmus+”  лойиҳаси 30 йилдан буён ўз иш фаолиятини олиб бораётган бўлса, ўтган йилнинг ўзида 350 нафар ўқитувчи ва 100 дан ортиқ административ  бўлим ходимлари чет эл давлатларида малака ошириб келишган.

Бундан ташқари Халқаро алоқалар бўлими қошида Халқаро қабул маркази (International welcome Centre. IWC)  2015-йилдан буён ўз иш фаолиятини олиб боради. Мазкур марказ Гранада Университетига ташриф буюрувчи хорижий докторантлар, докторантурага ўқишга қабул қилинаётганлар ва малака ошириш учун ташриф буюраётган ўқитувчи ва ходимлар билан узвий алоқада бўлиб, уларда юзага келаётган муаммоларни ечишга ёрдам беради. Шунингдек, халқаро қабул маркази виза учун анкета тўлдириш, яшаш жойи билан таъминлаш, оила аъзолари билан борган докторантлар, халқаро тадқиқотчилар ва ўқитувчиларга барча шарт-шароитларни яратиб беради.

Халқаро алоқалар бўлими қошида лойиҳалар билан ишлайдиган махсус бўлим мавжуд бўлиб, лойиҳаларнинг сифати, молиявий ҳолати, ҳамкорликни расмийлаштириш ва ривожлантириш бўйича ҳужжатлар билан иш олиб боради. Гранада университетида йиллига икки маротаба профессор-ўқитувчилар учун семинар-тренинглар ташкил этилади. Бунинг учун йўналишга хос кафедралар билан интернет орқали боғланиб ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур.

Семинар-тренинг давомида  “ Horizon-2020”  лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.  Гранада Университети ҳам мазкур лойиҳанинг аъзоси ҳисобланади. “Ҳоризон-2020”  лойиҳасига аъзо бўлиш учун интернет сайти орқали ҳамкорларнинг географик ва соҳага хос йўналишлари ўрганилади ва шу орқали аниқ стратегияга эга бўлган ҳамкорлар танланади.

Сафаримиз сўнгида Ўзбекистондан ташриф буюрган семинар-тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

                                                                                                                                    Гулноза Арипова

Охирги янгиланиш: 15.12.2018 | 15:08