01 Ноябрь 2018
“Қизил қалъа” ёдгорлиги ва “Шамун Набий” мақбараси таъмири баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди

1 ноябрь куни Маданият вазирлигининг катта мажлислар залида моддий маданий мерос объектлари Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Қизил қалъа” ёдгорлиги ва “Шамун Набий” мақбараси ҳамда Бухородаги “Абдулазизхон” мадрасасини асраш масалаларига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Маданият вазирлиги ходимлари, Қорақалпоғистон маданият вазири, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармаси мутахассислари, бошқарманинг Қорақалпоғистон ва Бухоро вилояти инспекцияси бошлиқлари ҳамда журналистлар иштирок этди. Тадбирга Маданият вазирининг ўринбосари К.Акилова раислик қилди.

Тадбирда юқорида келтирилган моддий маданий ёдгорликларини табиий таъсирлар натижасида авария ҳолатига келиб қолганлиги, уларни асраб-авайлаш, ҳамда таъмирлашга доир масалалар муҳокама қилинди.

Маълумки, матбуотда ушбу мақбараларни таъмирлашга оид баҳсли мақолалар чоп этилган эди. — Тан олиш керакки, бизда маданий меърос обидаларини реставрация ва консервация қилиш ишлари талаб даражасида эмас, — деди Маданият вазири ўринбосари К.Акилова. — Икки жараённи бир-бирига аралаштириб юбориш оқибатида маданий ёдгорликларимизда ўз аксини йўқотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу соҳада айни кундаги муаммо реставрация ва консервация қилишнинг туб моҳиятини тушунадиган мутахассисларнинг етишмаётганлигидир. Биз маданий ёдгорликларни ямаб, бўяб эмас, балки, асл ҳолатини сақлаган ҳолда келажак авлодга етказишимиз лозим. Бу каби масалаларни илмий ёндошувларсиз ҳал қилиб бўлмайди. Акс ҳолда, маданий бойликларимиз ўз аслини йўқотиб қўяди.

Шундан сўнг, Маданият вазирлиги жамоатчилик кенгаши раиси Зафар Ҳакимов қуйидагиларни келтирди:

— Маданий меърос обидаларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш ёки таъмирлашга ҳеч кимнинг хаққи йўқ. Ёдгорликларни реставрация ва консервация қилиш, дегани уни янгитдан қуриш дегани эмас, балки аслини ўзгартирмаган ҳолда таъмирлаш демакдир. Аммо “Шамун Наби” мақбараси қайси даврда қай ҳолатда ўзгарганлиги тўғрисида бир нарса дейиш қийин. Бу жиддий масала, ушбу ҳолатни текшириш ва ўрганишларсиз бир қарорга келиш ноўрин деб ўйлайман. Мақбаранинг аввалги ҳолатида хеч қандай безакларнинг мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, унинг конструкцияси ва ички кўриниши сақланиб қолинган бўлса хеч қандай катта хато йўқ деб ўйлайман.

Шундан сўнг Маданий меърос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси инспекцияси бошлиғи Қуанишбек Шарипов журналистларни қизиқтирган баҳсли саволларга жавоб бериш асносида ушбуларни келтириб ўтди: — Хўжайли тумани Миздакхон комплексидаги Мазлумхон сулув қабристони авария ҳолатига келиб қолганлиги сабабли маҳаллий зиёратчиларнинг оғзаки мурожаатларини инобатга олган ҳолда, қайта таъмирлаш таклифи берилди. Мақбара ачинарли ҳолатга келиб қолганди, хусусан, ички томонига ёмғир ўтиб ўртадаги икки гумбаз ғиштлари қулаб тушганлиги сабаб атрофида айланиб юриш имкони йўқ эди. Мақбаранинг кириш қисми ҳам қулаб қолган бўлиб, ичкарига кириш хавфли эди.

Тадбир баҳс ва мунозараларга бой бўлди.

Тадбир сўнгида Ушбу ҳолат юзасидан Маданий меърос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Бош бошқармаси Бош инспектори Ғиёсиддин Режабов шундай деди:– Мазкур масала бўйича малакали, билимли экспертлар комиссияси тайинланади. Архив ҳужжатларини қиёсий таҳлил қилиш натижасида экспертиза хулосаси пайдо бўлиши лозим. Агар экспертлар ушбу ҳолатни тўғри ёки нотўғрилигини исботласа қонуний чора кўрилиши шарт. Шу билан бирга, Текширув комиссияси билан бирга, Эксперт хулосаси чиқмагунча хулоса чиқариш ноўрин деб ўйлайман.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот котиби ташриф буюрган ОАВ вакилларига мурожаат қилди- Биз маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз, чунки улар бизнинг дунёга машҳур бойликларимиз, сиз билан биз ҳар бир мақолани ёзишдан ва уни оммалаштиришдан олдин асл далилларга суянишимиз лозим, агарда ҳар бир ёдгорликни ҳалқимизга бузиб ташланган деган номлар билан тарқатилса, ҳалқимиз ва Ўзбекистонда маданий мерос объектларини ҳолати юзасидан хориж давлатлардаги кузатувчилари қандай хулосаларга эга бўлишади, деб айтилди.

Журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга аниқ жавоблар берилди.

 

Охирги янгиланиш: 17.10.2019 | 11:08