06 Декабрь 2018
Илмий-амалий семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 28 ноябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори республикамизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар тараққиётининг ёрқин намунасидир. Маълумки, яқинда Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистрон давлат филармонияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида жорий йилнинг 5 декабрда бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ушбу тарихий қарорнинг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган илмий-амалий семинарни институт ректори, филология фанлари доктори И.Юлдашев кириш сўзи билан очиб берди.

Институт раҳбари маънавий-маърифий ислоҳотларнинг таг замирида баркамол инсонни тарбиялаш, таълим-тарбия масалаларида шарқона урф-одатларга таяниш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш масалалари борлигини эътироф этди. Бу кечиктириб бўлмас масалалар маданият ва санъат соҳасида иш олиб бораётган зиёлилар, хусусан институт профессор-ўқитувчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклашини таъкидлаб ўтди.

“Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кафедраси профессори, социология фанлари доктори А.Умаров “Маданий сиёсатимиз тараққиётида янги босқич” мавзусидаги маърузасида концепциянинг асосий вазифалари деб таъкидланаётган тарихий ва маданий меросимизни сақлаш, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 1 июнига қадар “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш масалаларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кафедраси профессори, сиёсий фанлари номзоди А.Ҳайдаров ўз маърузасида Ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш тизими яратилганлиги, Маданият марказлари фаолиятини ташкил этишга қўйилган вазифалар, ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ҳамда Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг ўтказилиши ноёб меросимизнинг нуфузини жаҳон миқёсида ошириш йўлида муҳим амалий қадам бўлганлиги ҳақида фикрларини билдирди.

“Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш” кафедраси мудири в.б. Б.Салайдиновнинг маърузасида Концепциянинг маданий ислоҳотлар борасида тутган ўрни, шунингдек ушбу Президент қарори “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари”, Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини анъанавий равишда ўтказилиши, Маданият вазирлигининг ҳар йили 21-27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги”ни ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирлар, театр рассомларининг кўргазмалари, театр либослари ва декорацияларини ташкил этиш борасидаги янгиликлар ҳар бир ижодкор учун илҳом манбаи бўлишини гапирди. Илмий-амалий семинарга таклиф этилган профессор-ўқитувчилар, талабалар ушбу мавзу бўйича музокараларда ўз фикрларини билдирдилар.

 

Охирги янгиланиш: 13.12.2018 | 17:45