06 Декабрь 2018
Қоракўлда ҳосил байрами ўтказилди

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳар йилгидан бошқача тарзда ва кўтаринки рухда “Ҳосил байрами” бўлиб ўтди.

Тадбир халқ сайли кўринишида ташкил этилди ва қўшни Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон Республикалари ҳамда Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюрди.

Тадбирни Бухоро вилоят ҳокими Ў.Барноев кириш сўзи билан очиб берди ва Қоракўл халқини байрам билан чин дилдан қутлади.

Шундан сўнг “Джакарта 2018” Осиё чемпионати ғолиби Ғайбуллаев Маъруфжон ва Қоракўл ҳосилига ўз ҳиссасини қўшган ташкилотчиларга вилоят ҳокими томонидан қимматбахо совғалар топширилди.

Ҳосил байрами сайл тарзда ўтказилиб, унда якка кураш спорт тури, фольклор жамоалари чиқишлари, миллий таомлар кўргазмаси, харбийлар юришлари ва гала концерт ташкил этилди.

Гала концертда Ўзбекистон халқ артистлари ака-ука Эшжоновлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юлдуз Турдиева, Рустам Абдуллаев, “Ниҳол” мукофоти соҳиби Дилмурод Султонов, вилоят эстрада хонандалари Феруза Асатова ва Мирзо Сафаровлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб халқимиз кўнглидан жой олди.

 

Охирги янгиланиш: 13.12.2018 | 17:45