06 Декабрь 2018
Ўзбек миллий мақом санъати марказида

Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилгандан бошлаб Республикамизда мақом санъатининг азалий анъаналарини қайта тиклаш, илмий рисолаларни ўрганиш ва ўзлаштириш, устоз санъаткор-мақомдонларни излаб топиш, мақом санъатининг замонавий ривожини белгиловчи омиллар билан шуғулланиш, мақомларни ўзлаштириш, ривожлантириш, нота тўпламларини яратиш, таълимга ва оммага тадбиқ этиш бўйича фаолиятларини олиб бормоқдалар. 
Куни кеча мақом маркази устозлари, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ижрочилари билан биргаликда мақомларни замонавий туркумлаш, ривожлантириш, нотага олиш, ёшларга ўргатиш билан бирга уларнинг ижроларида тарғиб этиш бўйича муайян ҳаракатлар амалга оширилди. Мақом марказининг устози Матрасул Матёқубов, консерватория профессори Матназар Худойназаров билан бирга Хоразм мақомлари йўлларидаги асарларни туркумлаштиришга эришдилар. 
Хусусан, профессор Матназар Худойназаров томонидан халқимизга ўз оҳанги билан қадрдон бўлган “Хоразм Чоргоҳи” ва шу йўлда халқ орасида оммалашган кичик куй ва ашулалар (Чоргоҳ ладига хос бўлган ва оҳанги асосида яратилган) кўринишидаги асарларни қайта ишлашга эришилди.  Одатда, халқ мақом йўлидаги асарларни яратувчи бастакорлар аслида тарқоқ ҳолда амалиётнинг энг қизғин давраларида ижро этилиб халқ мулкига айланган. Хоразм Чоргоҳи йўлидаги асарлар ҳам бир неча йиллардан бери халқ орасида куйланиб, ижро этилиб, тингловчилар имтиҳонидан ўтган асарлар қаторидан жой олган. Бу асарларни ўз ижодида камол топишига ҳисса қўшган устоз санъаткор Матназар Худойназаров Хоразм Чоргоҳи тизимига солиб туркумлаштирди. Унга кўра устоз туркумни:  асосий - “Хоразм Чоргоҳи”, таркибий қисми эса унга ёндош бўлган – “Таронаи Чоргоҳ”, “Сувораи Чоргоҳ”; “Нақши Чоргоҳ”; “Нақши Чоргоҳ” (Гулуфар) ва “Уфари Чоргоҳ” қисмларини туркумга мослаштирди. 
 Профессор Матназар Худойназаров томонидан туркумлаштирилган асарлар мусиқа назариясининг билимдонлари томонидан нотага олинди. Бу алоҳида эътиборга лойиқ амал.  
Бу асарлар Ўзбекистон давлат консерваторияси “Анъанавий хонандалик” кафедраси катта ўқитувчиси Шавкат Матёқубов раҳбарлигидаги мақомчи талабалар ансамблига ўргатилди. Устозларнинг сайъ-ҳаракатлари  натижасида ёш мақомчи талабалар туркумни тезда ўзлаштиришга муваффақ бўлдилар. 

Мақом маркази устоз-шогирд мактаби бўлими устозларининг тавсияси билан бугун Консерваториянинг талабалар мақом ансамбли томонидан Тошкент радиоэшиттириш уйининг 14-овоз ёзиш студиясида магнит тасмаларига ёзиб олинди. Тез орада Ўзбекистон телевидениеси орқали халқимиз эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилмоқда.

Охирги янгиланиш: 14.12.2018 | 11:04