11 Январь 2019
Ойбек уй-музейида адибнинг таваллуд куни нишонланди

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тасарруфидаги Ойбек уй-музейида Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд топган сана - 10 январь муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар Академияси вакиллари, адибнинг яқинлари ҳамда Тошкент шаҳар мактаб ўқувчилари тўпланишди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо Ойбекнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни ҳақида сўзлади. Адабиётшунос олим, академик Наим Каримов кейинги йилда адибнинг 115 йиллиги нишонланиши муносабати билан Танланган асарлар тўплами устида иш бошланганлигини алоҳида таъкидлади. Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Ойбекка" мустабид тузум даврида ҳам ўзлигини йўқотмаган адиб" деб таъриф берди. 

Мактаб ўқувчилари яқинда Давлат дастури асосида капитал таъмирдан чиққан уй-музейининг экспозицияси билан танишишди. Музей директори Ойнур Тошмуҳаммедованинг сўзларига кўра, 2019 йилда музейда аудиогидли сайёҳатларни ташкил этиш, янги техник воситалар билан жиҳозланиш режалаштирилган.

Охирги янгиланиш: 22.01.2019 | 13:14