12 Апрель 2019
Тарғибот тадбирлари давом этади

Маълумки, жорий йилнинг февраль ойи бошидан бери Маданият вазирлиги Ижодкор ёшлар билан ишлаш ва оммавий маданий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси томонидан Тошкент шаҳридаги ўрта ва ўрта-махсус таълим муассасаларида ватанпарварлик, миллий урф-одатлар ва анъналарга содиқликни мадҳ этувчи “Ватан мадҳи-юксак қадрият” шиори остидаги тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Навбатдаги тадбирлар бугун (2019 йил 12 апрель куни) Тошкент кимё технология институти академик лицейи ҳамда Яккасарой туманидаги 118-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Лицейда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов, кинорежиссёр Бурхон Шаропов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Абдумажид Азимов ҳамда эстрада хонандаси Акмалшер Акмалов иштирок этишди.

118-сонли умумтаълим мактабига эса Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, киноактриса Барно Қодирова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Темур Убайдилло ҳамда эстрада хонандаси Дониёр Рахимов ташриф буюришди.

Тарғибот тадбирларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад - ТИНЧЛИК - бебаҳо неъмат, у мамлакатимизда эришилаётган барча ютуқлар, турмуш фаровонлиги, иқтисодий барқарорлигимизнинг асоси эканлигини бугун барча бирдай ҳис этиши учун аҳоли, айниқса, ёш авлод онгу шуурига тинчликнинг қадрига етиш, жамиятимизга ёт ғояларга қарши нафрат туйғусини шакллантириш, осойишталигимиз душмани бўлган иллатларга қарши аёвсиз курашишимиз кераклигини уқдиришдан иборатдир.

Тадбирлар режа асосида давом этади.

 

Охирги янгиланиш: 23.04.2019 | 19:56