12 Апрель 2019
“Амир Темур мақбарасининг ўрганилиш тарихидан” деб номланган кўргазма ташкил этилди

Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги ва Франциядаги “Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш” ассоциациясининг 30 йиллиги муносабати билан 12 апрель куни Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Амир Темур мақбарасининг ўрганилиш тарихидан” деб номланган кўргазма очилди.

 

Кўргазмада Амир Темур ва унинг авлодлари ҳақида қизиқарли маълумотлар ёзиб қолдирган тарихчилар – Мирхонд ва Ибн Арабшоҳ асарларида келтирилган маълумотлар, 1895 йилда олиб борилган дастлабки тадқиқот жараёнида архитекторлар А.В.Щусев ва П.П.Покришкинлар изланишлари натижасида 1905 йилда нашр қилинган альбом, 1941 йил 16-24 июн кунлари ЎзССРнинг ҳукумат экспедецияси актлари, Амир Темурнинг арча дарахти ёғочидан ясалган тобути, Амир Темур мақбарасининг-ҳақиқий оникс тошива меъморий безак қисмлари, мақбаранинг эшиги, Темурийлар даврида фойдаланилган қурилиш анжоми - шоуллар намойиш этилмоқда.

 

Тадбир Франциядаги “Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш” ассоциацияси президенти, тарихчи олима Фредерик Бопертю-Брессанд, вице-президенти Амриддин Бердимуродов ва делегация аъзолари, Самарқанд вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси Бош директор в.б. Илҳом Ҳакимов, Амир Темур мақбарасини таъмирлаш-тиклаш ишларида ишлаган усталар Матлабжон Маҳмудов ва Ходихон Акобиров, музей-қўриқхона фахрий ходимлари Нўмон Маҳмудов ва Раҳим Қаюмов, Самарқанд давлат университети Археология кафедраси мудири Нурмуҳаммад Холматов, Ички ишлар вазирлиги академик лицейи талабалари, музей-қўриқхона ходимлари ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилди.

 

 

Охирги янгиланиш: 16.07.2019 | 17:34