14 Апрель 2019
Ёш актёрлар ўзбек тилидаги «Ҳамлет»ни Лондонда ижро этадилар

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалар, институт битирувчилари ва ўқитувчиларидан иборат ижодий гуруҳ 13 апрель куни Лондонга сафарига отланди. Ўзбек тилидаги Ҳамлет спектакли 15 апрель куни Роуз Бруфорд коллежининг саҳнасида Халқаро театр симпозиуми доирасида тақдим этилади. Шу куннинг ўзида Ўзбекистоннинг Британия элчихонасида ҳам катта тадбир доирасида «Ҳамлет» спектакли намойиш этилади

Британия Кенгаши, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Роуз Бруфорд коллежи ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида ўзбекистонлик талабалар иштирокида Буюк Британиялик режиссёр Жон Такер раҳбарлигида академик ўқув программаси доирасида ўзбек тилида «Ҳамлет» спектаклини саҳналаштирди.

Мазкур дастур Санъат ва маданият институти ва Роуз Бруфорд коллежи ўртасидаги уч йиллик ҳамкорлик натижасидир. Актёрларни тайёрлаш, хусусан, Шекспир матни билан ишлашнинг халқаро тажрибасига таянган ҳолда саҳна маҳорати ва овозни созлаш сабоқларини ўзида жамлаган интеграллашган ёндашув ўз мевасини берди. Саҳналаштириш жараёни ўз ичига барча босқичларни – кастинг, репетициялар, спектаклнинг премьераси ва юртимиз шаҳарлари бўйлаб турни ўз ичига олди. Саҳналаштиришнинг мазкур муҳим босқичлари айни йўналиш бўйича ўқув дастурини модернизациялаш жараёни билан уйғунлашди.

Спектакль дастлаб Ўзбекистон санъат ва маданият институтида муваффақиятли намойишидан сўнг, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилди. Мана энди талабалар, институт битирувчилари ва ўқитувчиларидан ташкил топган «Ҳамлет»нинг ижодий жамоаси жаҳон саҳнасида – Британияда спектаклни намойиш этишга йўл олдилар.

Охирги янгиланиш: 23.04.2019 | 19:56