14 Апрель 2019
Қозоғистонда Ўзбекистон йили: ҳамкорликдаги лойиҳалар сарҳисоби

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари 2017 йилнинг сентябрь ойида 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ҳамда 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олган эди.

Шу муносабат билан Қозоғистонда кенг нишонланган Ўзбекистон йили доирасида иқтисод, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда 100 дан зиёд қўшма тадбирлар, маърифий учрашувлар, турли фестивал ва ижодий кечалар ўтказилди. Икки мамлакат санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Ўзбек Миллий академик драма театри, Навоий вилояти ижодий жамоаларининг гастроль сафарлари қўшни Қозоғистон вилоятларида катта қизиқиш билан қарши олинди.

Қуйида ўтган йилда ҳамкорликда эришилган ютуқлар ва муҳим тарихий воқеалар қисқа сатрларда келтирилади.

                                          ***

2018 йил, 17 январь

Олмаотада Қозоғистон ва Ўзбекистон олимларининг қурултойи бўлиб ўтди. Унда Буюк ипак йўлининг аҳамияти ва маънавий меросни қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди. Қурултойда икки мамлакатдан 100 нафарга яқин социолог ва маданиятшунос олимлар иштирок этди. Ўзбекистонлик олимлар ҳар икки мамлакат маданий-маънaвий меросини ҳамкорликда ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

                                           ***

2018 йил, 14 март

Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг очилиши арафасида Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамедиули ҳамкорликда тарихий фильм яратиш режаси борлигини маълум қилди.

“Ўзбек ҳамкасбларимиз билан тарихий фильм суратга олиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Зеро, тарихимиз муштарак", – деди Аристанбек Мухамедиули икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиясининг 17-мажлисида.

                                          ***

2018 йил, 10-14 май кунлари

Ўзбек Миллий академик драма театри ижодий жамоасининг Жанубий Қозоғистон вилоятига гастроль сафари ташкил этилди. Ўзбекистон театр жамоаси қозоқистонлик томошабинлар учун Эркин Хушвақтовнинг “Кўнгил” комедиясини намойиш этди. Спектакль Сайрам туманидаги Карабулак қишлоғи маданият уйида ҳамда Ж.Шанин номидаги вилоят академик театрида ҳам намойиш этилди.

                                       ***

2018 йил, 6 июль

Туркистонда Темурийлар тарихи давлат музейининг кўргазмаси очилди. Ушбу музейда Ўзбекистон тарихига оид ноёб буюмлар сақланади. Турли қўлёзмалар ва ёзишмалар, олтин, кумуш ва мис тангалар, кулолчилик буюмлари шулар жумласидан. Кўргазмадан асосий мақсад – ҳудудлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.

                                        ***

2018 йил, 8 сентябрь

Остона ҳокимлиги майдонида Қозоғистонда Ўзбекистон туризми йили тадбирлари бўлиб ўтди. Унинг доирасида ўзбек миллий таомлари тайёрланиб, ўзбекистонлик моҳир ошпазлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

                                           ***

2018 йил, 18 ноябрь

Туркистон вилояти Мақтаарал туманининг 90 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти делегациялари иштирок этди. Байрам мушоира, туман бадиий жамоаси санъаткорларининг ижодий чиқишларига уланиб кетди.

                                           ***

2018 йил, 27 ноябрь

Қизилўрда шаҳридаги Дўстлик уйида Навоий вилояти ижодий жамоаси санъаткорларининг бадиий чиқишлари ташкил этилди. Концерт дастуридан ўзбек ва қозоқ халқлари миллий куй-қўшиқлари ўрин олди.

                                        ***

2018 йил, 12 декабрь

«Қозоғистон» марказий концертлар залида Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ёпилишига бағишланган Ўзбекистон санъат усталарининг концерти бўлиб ўтди.

Тадбир Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

– Биз турк олами ва Буюк ипак йўлининг қайта тикланишига гувоҳ бўляпмиз. Мамлакатларимиз раҳбарларининг азму шижоати туфайли Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораётган муносабатларга бутун дунё ҳавас билан қарамоқда. Биз қардош халқларимизга фақат олға интилишларини тилаймиз, – деди Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамеди ўғли.

                                         ***

Тадбир Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

– Биз турк олами ва Буюк ипак йўлининг қайта тикланишига гувоҳ бўляпмиз. Мамлакатларимиз раҳбарларининг азму шижоати туфайли Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораётган муносабатларга бутун дунё ҳавас билан қарамоқда. Биз қардош халқларимизга фақат олға интилишларини тилаймиз, – деди Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамеди ўғли.

                                       ***

Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг ўтказилиши натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар амалий мазмун билан бойиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кучаймоқда. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда ҳам ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

Бу борадаги ишлар 2019 йилда Ўзбекистонда нишонланадиган Қозоғистон йили доирасида давом этади.

 Манба: ЎзА

Охирги янгиланиш: 23.04.2019 | 19:56