15 Май 2019
Навоий вилоятида “Инсон азиз, хотира муқаддас” номли кўргазма ташкил этилди

Жорий йилнинг 14 май куни  Ватан ҳимояси, халқимизнинг ор-номуси, тинчлиги йўлида юрт босқинчиларига қарши мардоновор курашган, бугунги тинч ва фаровон  ҳаётимиз учун ўз жонини қурбон қилган инсонларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш мақсадида, НДПИ қошидаги “Қатағон қурбонлари” музейида Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ходимлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси вилоят бўлими, Навоий давлат педагогика институти ҳамда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда  “Инсон азиз, хотира муқаддас” мавзусида кўргазма ташкил қилинди. 

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, юртининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас. Кўргазмада мустабид тузум давридаги қатағон қурбонлари бўлган Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат каби зиёлилар тўғрисида маълумотлар берилиб, уларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида музей ходими Д.Додоева ва Л.Саитова томонидан маърузалар ўқилди. 

- Оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонлик шаъни, ғурури топталган ватандошларимизнинг хотирасини тиклаш, мамлакатимиз тарихида рўй берган ижтимоий-сиёсий, маданий воқеалар ва қатағон сиёсатининг салбий оқибатларини холисона ўрганиш, фуқароларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтиришга бўлган эътибор муҳим аҳамият касб этмоқда дейди - НДПИ археология фани ўқитувчиси Х.Бойсариев. 

Хусусан,  музейлар билан таълим муассасалари, маҳалла ва турли  соҳа мутахассислари иштирокида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув, очиқ мулоқот, хотира кечаси ва давра суҳбатлари ўтказиб келинаётгани муштарак мақсадларнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда. Мазкур тадбирда қатағон қурбонлари фотолавҳалари, тарихий хужжатлар, ўзбек халқи этнографияси ёритиб берилди. Кўргазмада иштирок этаётган ёшлар аждодларимизнинг маънавий жасоратидан озуқа олиб, мустақиллик нақадар олий неъмат эканлигини яна бир карра ҳис этишди.

Дарҳақиқат, мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.

Охирги янгиланиш: 16.07.2019 | 17:34