17 Май 2019
Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов вафот этди

Оғир жудолик!
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ОРТИҚ ОТАЖОНОВ ВАФОТ ЭТДИ!
Бугун 2019 йил 17 май санасида Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 72 ёшида вафот этди. Яқиндагина яъни 2019 йилнинг 4 апрель куни рафиқасидан айрилган санъаткорнинг бугун ўзи ҳам вафот этиши халқимизни ларзага солди. 
Ўзбек қўшиқчилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг порлоқ хотираси ҳеч қачон унутилмайди.

Унинг "Умр ўтар", "Лазги", "Ёра қурбон бу жоним", "Куйлар", "Бири сенсан, бири мен..." каби ўнлаб қўшиқлари аллақачон халқ орасида ёд бўлиб кетган.

Марҳумнинг жаноза маросими бугун, 17 май куни аср намозидан кейин бўлиб ўтади. Санъаткор “Ўрикзор” даҳасидаги Саид Ваққос Ота қабристонига дафн этилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги марҳумнинг оила аъзоларига  чуқур ҳамдардлик билдиради.

Охирги янгиланиш: 19.08.2019 | 09:55