17 Май 2019
“Орол фожиаси” мавзусида фотокўргазма

Ўзбекистон давлат табиат музейининг ривожланиш тарихи 1876 йил 12 июлда ташкил этилган “Тошкент музейи”дан бошланади. Унинг илмий фондида табиатшунослик, экология ва атроф-муҳит муҳофазасига  оид музей ашёлари мавжуд.

Бир ярим асрлик музей ривожланиш тарихи давомида музейнинг илмий фондини бойитиш ва янги экспозициялар яратиш мақсадида, музей илмий ходимлари томонидан Республика табиий худудлари бўйлаб илмий экспедициялар ташкил этилган. Экспедициялар натижасида йиғилган материалардан фойдаланган ҳолда музейда мавжуд экспозициялар ва кўчма кўргазмалар яратилган. Изчил музей ичида ва музейдан ташқарида кўргазмалар ташкил қилиниб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат табиат музейи томонидан Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида жорий йилнинг 15-31 май кунларида “Орол денгизи фожиаси” мавзусида кўчма фото-кўргазма ташкил этилмоқда. Фото-кўргазманинг тантанали очилиши жорий йилнинг 15 май куни Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида бўлиб ўтди. Унда Жиззах вилояти аҳолиси ва меҳмонлари, маданият ва санъат фаоллари ҳамда талаба ва ўқувчилар иштирок этишди.

Ушбу кўчма фото-кўргазманинг асосий вазифалари кенг аҳоли ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофозалашни тарғиб қилиш, шу соҳа бўйича Республикада амалга оширилаётилган ишлар билан яқиндан таништириш, мактаб ўқувчилари, талабаларни табиатшунослик соҳасидаги билимларини чуқурлаштириш, жумладан, ўлка табиатини ва табиатда бўлаётган ҳодисаларни ўрганиш, энг муҳими инсонларнинг Она табиатга бўлган меҳрини уйғотиш ва асраб-авайлашга ўргатишдан иборатдир.

Орол денгизининг жаҳондаги энг катта сув хавзаларидан бири бўлганлигини яхши биламиз. Ҳақиқатдан ҳам Орол денгизи майдони 66458 кв.км., ўртача чуқурлиги 20-25 метр, энг чуқур жойи 67 метр бўлганлиги ҳақида илмий асослар мавжуд. Орол денгизининг суви кейинги 50-55 йилда 15 мартагача камайиб, сув сатхи  29 метрга пасайган. Ҳозирги кунга келиб Орол фожиаси туфайли 5,5 милион гектардан ортиқ майдонда “Оролқум” саҳроси пайдо бўлди ва ҳар йили 100 милион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилмоқда.
Бу эса Орол денгизи халокати долзарб глобал муаммо эканини яна бир бор исботламоқда. Мазкур ҳолат минтақа табиати, инсонлар хаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Орол денгизининг қуриши, айниқса, минтақа ахолисининг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Маълумотларга қараганда, денгиз қуриши ва шўрланишнинг тезлашуви оқибатида сўнги йилларда 50 минг гектарга яқин экин майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолди. Қуриган денгиз ўрнида 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган «Оролқум» саҳроси пайдо бўлди.
Фожианинг сабаблари, оқибати хақида ўтган даврда жуда кўп гапирилди, бироқ бу муаммо ечимини кутмоқда.
Ушбу экологик талофатни зудлик билан олдини олиш чоралари кўрилмаса, натижаси салбий ва ҳисоблаб бўлмайдиган даражада экологик, ижтимоий ва иқтисодий зарарларга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Орол денгизининг муаммоларини бартараф этиш тўғрисида айтган:“Биз орол денгизининг сувсиз қолган худудида яшил ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор бермоқдамиз, агар Мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1миллион 220минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан оролбўйи худудида барпо этилган. Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, орол денгизининг сувсиз худудида келгуси йилда яна 500 минг гектар майдонга ўрмонзор барпо этилади” сўзлари шу муаммонинг ечимига қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 15 февралдаги 132-сон қарорига асосан Ўзбекистонда самарали ишлар олиб борилмоқда.
Айни дамда Мўйноқ туманидан 200 километр, Нукусдан 400 километр олисда “Возрождение” оролининг “Шағала” деб номланувчи ҳудудидан – Орол денгизининг қуриган майдонидан чучук сув топилгани маълум.
Ушбу манба Жанубий Орололди артезиан хавзасининг бўр даври ётқизиқларида, яъни 260-280 метр чуқурликда аниқланди. Сув сарфи секундига 7 литрни ташкил қилаётган бу сувнинг менераллашуви 3 грамм, қаттиқлиги 6 миллиграм эквалентга тенг.
Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, яъни “Возрождение” ороли, Сурғил, Аҳантай ҳудудларида шу каби 40 та сув кўзларини очиш режалаштирилган. Орол қуриши боис юз берган экологик фожиа асоратларидан қутилиш йўли ўз қўлимизда экан. Мўйноқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари эртанги кунга ишонч уйғотмоқда. Яқин икки йилда бажариш кўзда тутилган 504 миллиард сўмлик лойиҳалар ва 1 тр сўмлик инвестициялар натижасида туман қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгараши кутилмоқда. Мўйноқ тумани яқин йилларда замонавий инфратизимли экотуризм марказига айланишига шубҳа йўқ.
“Орол денгизи фожиаси” кўчма фото-кўргазмасига ташриф буюрувчилар мазкур муаммолар билан яқиндан танишиб, ўз навбатида табиат қонун-қоидаларига бефарқ бўлмаслиги хақида керакли тушунчаларга эга бўлишади.

 

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 15:26