04 Июнь 2019
Сурхондарё вилоят кўзи ожизлар кутубхонасида аудио китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 31 май куни соат вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ўқув залида Сурхондарё вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ва Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Термиз шаҳар бўлинмаси қошида ташкил этилган овоз ёзиш студияси томонидан ёзилган “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва манфаатдор вазирликлар томонидан қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ўз ичига олган ахборот материаллари” аудио китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тақдимотда ЎзКОЖ Термиз шаҳар ва туман бўлимлари раислари ва бўлимлар аъзолари, вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ходимлари ҳамда фаол китобхонлари иштирок этдилар. Тақдимотни вилоят кўзи ожизлар кутубхонасининг кутубхона ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳ.Исломқулов бошқариб борди ва ўз сўзида ушбу овоз ёзиш студиясининг китобхонлар учун аҳамияти ва унинг қулайликлари ҳақида гапириб ўтди.

Тадбирда кутубхона директори Н.Боймуродов сўзга чиқиб, Сурхондарё вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ва ЎзКОЖ Термиз шаҳар бўлинмаси қошида ташкил этилган овоз ёзиш студияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва манфаатдор вазирликлар томонидан қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ўз ичига олган ахборот материаллари” аудио китобининг барча жамият аъзолари жумладан кутубхонамизнинг ногиронлиги бўлган китобхонлари учун ҳам зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Тўлақонли ахборот таъминоти – шахс камолоти учун муҳим омил” давлат гранд лойиҳаси асосида очилган овоз ёзиш студиясининг мақсади ва вазифалари тўғрисида овоз ёзиш студиясининг раҳбари Ж.Чоршанбиев китобхонларга айтиб берди ва келгусидаги режалари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.

Бундан ташқари тадбирда А.Аннақулов, Н.Мамадалиева, Ф.Худойқулова ҳамда Ю.Соатовлар ҳам сўзга чиқиб, овоз ёзиш студияси ишларига омадлар тилаб, келгусида китобхонларимиз учун турли мавзуларда кўплаб аудиодискларни ёзилишини сўраб қолди. Тақдимотда сўзга чиққанлар ушбу ҳайрли ишлар билан биринчидан кутубхона жамғармаси бойитилса, иккинчида китобхонлар сони ошади, учинчидан китобхонлар сўровларининг тез ва сифатли бажарилишини таъминлаган бўлади деб ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Ҳ.Исломқулов яна бир бор Сурхондарё вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси ва ЎзКОЖ Термиз шаҳар бўлинмаси қошида ташкил этилган овоз ёзиш студияси ходимларига келгусидаги ишларига омадлар тилаб ва ушбу студиянинг илк нашрини китобхонларга тақдим этди.

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09