10 Июнь 2019
ЎКСИК ҚАЛБГА МЕҲР УЛАШИБ...

Сув ниҳолни яшнатганидек, инсон кўнглини меҳр тафти шодликларга тўлдиради. Шу боисдан, инсон ҳамиша меҳр-мурувватга эҳтиёж сезиб яшайди. Арзимас буюм ёки бир оғиз айтилган ширин сўз ҳам бир кўнгилни обод этиши, унинг ҳаётига нур олиб кириши ҳеч гап эмас.

Юнусобод тумани маданият бўлими тасарруфидаги 21-сонли маданият маркази раҳбари Лола Алимжонова муқаддас Рамазон Ҳайити байрами арафасида мурғак кўнгилларга қувонч улашишни ният қилди. Маданият маркази ҳодимлари ўз концерт дастурлари билан тумандаги 21-Меҳрибонлик уйига ташриф буюришди. Концерт дастурида “Настарин” халқ-миллий эстрада жамоаси, хонанда Ренат Собиров, Муқаддас Усмонова, Дилафруз Ҳайитметова ва “Ўзбеккино” актёрлари Санжар Шодиев ва Хушнуд Сайфуддиновлар иштирок этишди. “Madagascar live” жамоасининг мультқаҳрамонлари ҳам тадбирнинг кўтарингки руҳда ўтишига сабаб бўлди.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари хонандалар билан бирга қўшиқ куйлаб, мириқиб рақс тушишди.

Тадбир давомида кўплаб ҳомийлар томонидан болаларга эсдалик совғалари ва турли ширинликлар улашилди. Аммо, совғаларнинг энг аълоси “Ўзбекистон” НМИУ директори О.Р.Мелиев томонидан юздан ортиқ китобларнинг бепул тақдим этилгани бўлди.

Бундан ташқари, 21-сонли маданият марказида ташкил этилган “Заргарлик” тўгараги раҳбари Гавҳар Алимуҳаммедова ўқувчилари томонидан ясалган буюмлар кўргазмасини меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига намойиш этди. Кўплаб тарбияланувчилар бежирим тақинчоқларга ҳавас қилиб, Меҳрибонлик уйида ҳам тўгараклар ташкил этилиши истагини билдиришди.

21-сонли маданият маркази раҳбари ва ҳодимлари бу каби эзгу тадбирларни нафақат туман, балки шаҳар ва республика миқёсида ҳам ўтказишни ният қилишди. Боиси, кўнгли ўксик қалбга меҳр улашиш ва улар юзидаги табассумни кўриш ташриф буюрганларга ҳам завқ улашди. 

 

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 15:50