10 Июнь 2019
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус амалда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Сирдарё ва Наманган вилоятлари тажрибаси сифатида 2019 йил 19 март куни ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та ташаббус илгари сурилган эди. Президентимиз Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 24 май куни бўлиб ўтган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув давомида 5 та ташаббуснинг тарғиботи ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида аниқ топшириқлар берилди. Шундан келиб чиқиб, ушбу ташаббусларнинг олий таълим тизимида ижросини ўрганиш бўйича комиссия тузилиб, унинг зиммасига маънавий-маърифий ишлар, тарбия жараёнлари, талабаларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, лозим бўлганда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича долзарб вазифалар юкланди.

Жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида айнан шу ташаббуслар: Мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатга қизиқтириш, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланиш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.

Ушбу семинарда иштирок этган масъул раҳбарлар 5 та ташаббуснинг ижроси бўйича керакли тавсияларни беришди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев сўзга чиқиб, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида фикр ва мулоҳазаларини билдириб, соҳани ривожлантиришга оид таклифлар берди. Олиб борилаётган амалий ишлар аниқ мисоллар билан келтириб ўтилди. Бўка туманида тажриба-синов тариқасидаги Маданият ва маърифат экопарки фаолияти, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботи бўйича маданий-маърифий йўналишда олиб борилаётган инновацион изланишлар тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинди.

Маданият вазири ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатга қизиқтириш учун Маданият вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар бирдамлик билан Республикадаги барча олий ўқув юртларига амалий ёрдам беришини таъкидлаб шундай деди: - Мазкур 5 та ташаббус ижросини тадбир ўтказиш ёки ҳисобот учун ташкил этиш керак эмас. Биз ёшлар билан ҳамнафас бўлиб, ушбу ташаббуслар улар ҳаётининг узвий бир қисмига айланишини ва бу орқали ҳали очилмаган иқтидор қирралари рўёбга чиқишини таъминлашимиз керак.

Ўқув семинарида вазирликлар, қўмиталар, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар мутасаддилари, Олий таълим муассасалари ректорлари, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлар ва бўлим бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Семинардан кутилган натижалар тез кунларда барча таълим муассасалари ҳаётида ўз аксини топишига умид билдирамиз.

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 15:50