12 Июнь 2019
Ўзбекистон давлат консерваториясида навбатдан ташқари кенгайтирилган кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 11 июнь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Бахтиёр Сайфуллаев иштирокида кенгайтирилган кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилган эди. Б.Сайфуллаев ташаббуснинг биринчиси – ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш бўйича Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.  

Шунингдек, Олий таълим муассасаларининг Низомига асосан ўтказилган “Профессор-ўқитувчилар талабалар нигоҳида” номли аноним-сўровнома натижалари, таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёни, кейинги ўқув йили режаларини кўриб чиқиш, ўзини ўзи бошқариш ва молиялаштириш, битирувчи талабаларни ўз вилоятларига бориб ишлашларини таъминлаш каби  масалаларга ҳам алоҳида урғу берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3178-сонли қарорининг 1-иловаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссиясининг 2017 йил 28 декабрдаги 205-сонли Қарорига асосан 2018 йил 1 январдан Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш фаолият олиб борилаётганлиги ҳам эътироф этиб ўтилди.

Консерваторияда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик маҳоратини ошириш, ўқув жараёни сифати ва савиясини тубдан яхшилаш, мусиқа санъати соҳасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари, ижодий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ЎзДК ёш педагог кадрларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур маиший шароитлар яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди. 

Б. Сайфуллаев йиғилиш сўнгида асосий масала Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиб, биринчи навбатда ёшларни миллий ва умумбашарий мусиқа санъатининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда уларнинг маданий савиясини юксалтириш, маънавий етук шахсларни тарбиялашда Ўзбекистон давлат консерваторияси ўрнак бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Охирги янгиланиш: 19.08.2019 | 09:55