12 Июнь 2019
Ёш истеъдодлилар майдони

Тенги Ўзбекистонимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, маҳоратларини янада шакллантириш вазифаси устувор бўлиб бормоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳам ҳар йили ўтказиладиган ёш истеъдодлиларни кашф этиб, муносиб мукофотлайдиган анъанавий тадбир фурсати келди. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилига бағишланган “Талаба-ёшлар ижодиёти” кўрик-фестивали ҳамда “Очиқ эшиклар куни” бошланди.

Дастурга мувофиқ, аввал турли ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейлардан ташриф буюрган абитуриентлар учун “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Институт ҳовлисида ижодий баннерлар, олий таълим муассасасининг илмий-ижодий жараёнларига оид лавҳалар, инновацион дастурлар, ижодий ютуқлар акс эттирилган плакатлар илинган бўлиб, абитуриентлар мазкур жараёнларни кузатишди, ўқув устахоналарига, бенефис ҳамда маҳорат дарсларига киришди. Малакали профессор-ўқитувчилар, ижодкор талаба-ёшлар билан очиқ мулоқотлар ва ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.

Куннинг иккинчи қисмида “Талаба-ёшлар ижодиёти” кўрик-фестивалининг очилиш маросими юзасидан махсус концерт намойиш этилди. Тадбирни институт ректори, профессор Иброҳим Юлдашев очиб бериб, барчага чин қалбдан омад ва зафарлар тилади. Бошловчилар томонидан 11-28 июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилаётган махсус кўрик-фестивалнинг номинациялари, ижодкор ёшларни муносиб баҳолаб борувчи ҳайъат аъзолари таништириб ўтилди. Концертга ҳайъат аъзолари, элимиз суйган санъаткорлар Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Масудов ташриф буюришиб, гўзал жонли ижролар ва бетакрор рақслардан баҳраманд бўлишди.

Тадбирга маданият ҳодимлари, ҳарбийлар, Ёшлар иттифоқи етакчилари, тажрибали мутахассислар, элимиз ардоғидаги санъаткорлар ташриф буюришди. Институт Ўқув театри саҳнаси жонли ижродаги хонишлар билан тўлиб, томошабинлар томонидан илиқ қарши олинди.

18 кун мобайнида ўтказилиши режалаштирилган “Талаба-ёшлар ижодиёти” фестивалига сизларни ҳам таклиф этамиз. Ёш истеъдодлилар майдонига ташриф буюринг ва бетакрор санъат намуналаридан баҳраманд бўлинг. Иштирокчиларга омадлар тилаб қоламиз!

 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти магистранти Достонбек Раҳматуллаев

 

           

 

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 16:39