13 Июнь 2019
ЎзДСМИда “Орият” спектакли намойиш этилди

Театр инсон тақдири ва унинг кечинмалари жонли тарзда кўрсатиб бериладиган саҳна экан, унда актёрлар худди ҳаётдагидек яшайди, драматизм ичида ўзаро ҳаракатланади. Мамлакатимизда театр санъати тараққиётига янада катта ҳисса қўшиш мақсадида улкан қадамлар босилмоқда. Шундай муҳим бир даврда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ўқув театрида “Талаба-ёшлар ижодиёти” кўрик-фестивали доирасида “Театр санъат” факультети “Мусиқали театр актёрлиги” таълим йўналиши 4-курс талабаларининг “Орият” номли икки пардали мусиқали драмаси намойиш этилди. Муаллиф ва курснинг бадиий раҳбари Насрулло Қобил, постановкачи режиссёр Фарҳод Фармонов, саҳна нутқи ўқитувчиси Рамзиддин Қодиров, рассом Алишер Тўлабоев жонли спектаклни ҳавола этишди.

Уруш ва очарчилик йилларининг қаҳрли аламлари, ҳаёт синовларининг инсон бардошини чиғириқдан ўтказиши, адолат ва бахт ҳақидаги асарда Достонбек Зоҳиджонов, Зуҳра Ўринбоева, Жавлон Хатамов, Илёсхон Иброҳимов, Фахриёр Ризвонов, Лайло Шорасулова, Музаффар Неъматов ва бошқа курснинг маҳоратли талабалари ўзига хос ролларни ижро этишди.

Персонажлар характерига монанд жонли ариялар куйланиб, томошабинларни ҳайратга солди. Спектаклдаги жонли рақслар ва хор ашулалари ҳам асар бадиий қийматини очиб берди. Бунда дирижёр Акмал Тўраев, хормейстер Олимжон Комилжонов, рақс ўқитувчиси Ольга Антольева, вокал ўқитувчилар Бахрулло Лутфуллаев, Шерзод Пирматов, Азамат Шарипов, Рудакий Алланбоев, Дилмурод Узоқов кабилар ўз ишига профессионал тарзда ёндашишган.

“Орият” спектакли ҳақиқатан, “Талаба-ёшлар ижодиёти” фестивали дастури ва талабига мувофиқ мусиқали драма театр актёрлиги йўналиши талабаларининг тўрт йиллик олган билимлари ва маҳоратларини саҳнага олиб чиқа олди. Айниқса, мусиқавий ноталарнинг драмадаги жаранги, актёрлар ҳолат ва вазиятларни ҳис эта билиши, конфликт ва тўқнашувларнинг кучли ифодаланганлиги асар ғоясини очиб берди.

Кўрик фестиваль мобайнида институт Ёшлар иттифоқи етакчилари Бобур Убайдуллаев бошчилигида фаол бўлишмоқда. Турли учрашувлар, тадбирлар ва маҳорат дарслари ўтказилиб, китобхонлик сайллари давом этмоқда.

Ижодкор ёшларга омадлар тилаб қоламиз!

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти магистранти

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 16:18