13 Июнь 2019
Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида катта мусиқий лойиҳа - «OPEN AIR. SAHRO SIMFONIYASI» ўтказилади

Жорий йилнинг 12 июнь куни Маданият вазирлигининг анжуманлар саройида 18-27 июнь кунлари Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида катта мусиқий лойиҳа - «OPEN AIR. SAHRO SIMFONIYASI» бўлиб ўтиши муносабати билан ОАВ ва соҳа вакиллари учун анжуман ташкил этилди. Икки йилдан буён ўтказилиб келинаётган ва анъанага айланган ушбу лойиҳа Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг жонли концертлари ва миллий эстрада санъатининг моҳир ва ёш санъаткорлари чиқишларини ўзида мужассамлаштирган.

Анжуманда лойиҳа бўйича ушбу тадбир Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида И. В. Савицкий номидаги давлат санъат музейи ёнидаги марказий майдонда бошланади. Мусиқа карвони концертлар билан Хива, Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий ва санъат  майдонларида йўлини давом эттиради.

Барча майдонларда лойиҳа учун ташкил этилган концерт заллари, 3000дан 5000 тагача ўриндиқлар, мусиқавий чироқ ускуналари билан ясатилган саҳна, шаҳарнинг ўзига хослигини акс эттирувчи визуал экранлар қурилиши режанинг асосий қисмидир.
Концерт дастурларининг ҳар бирида вилоятларнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида тузилади. Маданият вазирлиги матбуот котибининг таъкидлашича, унда мумтоз асарлар, машҳур романтик куйлар ва опера мусиқалари, фильмлар мусиқалари, рақс композицияларининг асл танловлари, томошабинлар учун кутилмаган совға ва яна кўплаб қизиқарли «туҳфа»ларни қамраб олган беш турдаги шоулар ўтказилади.

Open Music жаҳоннинг турли халқлари маданиятида акс этган, умуминсоний қадриятларни тасдиқлашга қаратилган кенг кўламли дастур ва табиат ҳамда санъат уйғунлигини ўзига хос инновацион мультимедиа шаклида концерт орқали тақдим этиш билан томошабинларни жалб этади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон давлат филармонияси, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимиятлари томонидан амалга оширилмоқда.

Бош хомий: "SOTHIS AEGIS" компанияси.

http://sothisaegis.uz/ https://www.facebook.com/sothisaegis/

Лойиҳа бош ҳамкори:Amirsoy” тог курорти.

http://www.amirsoy.com/ https://www.facebook.com/amirsoyresort/ https://instagram.com/amirsoyresort?igshid=1kkmhbdmsep1f

Маълумот:
Эслатиб ўтамиз, Open Air Music лойиҳаси икки йилдан буён ташкиллаштирилмоқда.  Шу давр мобайнида Ўзбекистон бўйлаб очиқ осмон остида 13 та концерт дастурлари ташкил этилган. Концерт дастурига ташриф буюрувчилар сони эса 100 000дан ортади.

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 16:39