13 Июнь 2019
"Сени куйлаймиз, замондош!" V Республика кўрик-фестивалидан репортаж

Жорий йилнинг 12 июнь куни "Сени куйлаймиз, замондош!" шиоридаги театрлар фестивалининг иккинчи кунида Қашкадарё вилояти мусикали драма театрининг Тоғай Мурод ҳикоялари асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, давлат мукофоти совриндори Олимжон Салимов талқинида саҳналаштирилган "Хушвақт" спектакли намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Қўчқор Норқобил қаламига мансуб "Заминдан олис кетма" асари Сурхондарё вилояти мусикали драма театри ижодкорлари томонидан намойиш этилди. Спектакль сўнгида театршунослар, драматурглар, ҳайъат аъзолари ҳамда фестиваль иштирокчилари билан фикрлар алмашилди. Намойиш этилаётган спектаклларнинг ютуқ ва камчиликлари, режиссёрлик иши, сценографик ечими, актёрлар ижроси ҳакида муҳокама қилинди.

Шунингдек, Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри япон ёзувчиси Дзюндзи Киносита қаламига мансуб "Турна патлари" спектакли фестивалдан ташкари намойиш этилди.

Жорий йилнинг 13 июнь куни фестиваль доирасида Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри биносида Андижон вилояти мусикали драма театрининг "Муножот" спектакли томошабинларга намойиш этилди. Асар Баходир Мурод Али қаламига мансуб бўлиб, Исоқжон Эргашев томонидан саҳналаштирилган. Спектакль томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Спектакль сўнгида фестиваль иштирокчилари ҳамда мутахассислар ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашдилар.

 

Охирги янгиланиш: 17.06.2019 | 15:50