13 Август 2019
Сиртқи таълим шакли учун суҳбатлар бошланди

Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида эҳтиёж юқори бўлган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлашни таъминлаш, хорижий тажрибалар асосида олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш, таълим жараёнига янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-4359-сонли қарорининг 6-бандига асосан, “Олий таълим муассасаларига 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги таълим шаклининг бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилди.

Бунда, ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар ҳисобидан кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилади” дейилган. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон давлат консерваториясида ҳам сиртқи бўлимлар очилди ва 2019/2020 ўқув йилида сиртқи таълим шакли учун суҳбатлар жорий йилнинг 13 августидан бошланди.

Бугун 126 нафар “Халқ чолғулари” таълим йўналишида сиртқи таълим шакли бўйича ўқиш истагини билдирган абитуриентлар суҳбатдан ўтмоқдалар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Б.Сайфуллаев сиртқи бўлимларда ўқиш учун ўтказилаётган суҳбат жараёни билан танишди.

Суҳбатларни талаб даражасида ўтказиш борасида Б.Сайфуллаев керакли йўл-йўриқ ва тавсиялар берди.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 10.12.2019 | 18:41