14 Август 2019
Ўзбекистон ҳам зиёрат, ҳам саёҳат масканидир

Тарих одамзотнинг ҳаёт учун курашини, бу жараёнда унинг такомиллашувини, юксалишини, камолотга интилишини акс эттирувчи хотира дафтаридир. Шу боис ҳам 2019 йилнинг 1 май куни юртбошимизнинг Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида ҳам Султон Саодат меъморий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш ва ҳудудини археологик ўрганиш асосида уни ободонлаштириш, Имом ал-Бухорий, Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳозирги кунда ушбу меъморий ёдгорликни асраб-авайлаш ҳамда атрофидаги қадамжоларни улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук масканга айлантириб, унинг тарихини мукаммал ўрганиб, халқимизга ва юртимизга ташриф буюрувчи туристларга етказиш зарур эканлигини алоҳида қайд этиш зарурдир. Мамлакатда туризмни ривожлантириш, ҳудудларни жадал ислоҳотлар суратига мос юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминловчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантиришда туризмнинг ўрнини алоҳида қайд этиш лозимдир. Мамлакатимизда виза режимининг либераллаштирилиши, чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирлиши, туризм тармоғини ривожлантириш учун имтиёз ва преференцияларни берилиши натижасида миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда самарали тарғиб қилиш имконини бермоқда. Ушбу кенг имкониятларнинг натижасида бугунги кунда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туристларнинг сони ортиб бормоқда.

Жорий йилнинг 13 август куни Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходимлари Ж.Нурфайзиев ва С.Тўраеваларнинг Султон Саодат меъморий ёдгорлик мажмуасига қилган экскурсия жараёнида тарих саҳнасида дунёга маълум ва машҳур Европанинг бетакрор давлатларидан бири бўлмиш Италиянинг Милан, Варесе, Турин, Неапол, Генуя шаҳарларидан бир қанча туристлар ташриф буюрдилар. Уларга меъморий ёдгорлик бўйича ҳамда Сурхон воҳаси тарихи ҳақида маълумотлар берилди.

Мажмуа Термиз шаҳридан 3 км шимоли-шарқда жойлашган бўлиб, ушбу меъморий ёдгорлик Х-ХVII асрларга мансуб мақбаралар мажмуасидир, ўзига хос ёдгорлик мажмуаси меъморий нуқтаи назардан бир неча асрлар давомида шаклланган. Бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) нинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Саодат, яъни «Саййидлар султони» дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган. Олимларнинг фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Темур ва темурийлар давлатининг ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Амир Темур ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эгадир. Меъморий ёдгорликдаги кўп бинолар ХIV-ХVII асрларда қурилган бўлиб, 16 мақбара, хонақоҳ ва бошқа хўжалик биноларидан иборатдир. Мажмуанинг кошинли безатилган пештоқи битиклар билан ўралган бўлиб, уни ХIX аср охирида академик А.А.Семёнов кўчириб олиб ўқиган. Мақбаралар пештоқ ва гумбазли чорси хоналар (9×9,05 м ва 10,15×10,25 м) дан иборат бўлиб, ҳовлининг тўридаги пештоқ ва икки қанотидаги гумбазли мақбаралар бир хил тархда, жанубдаги мақбара зиналар ҳисобига кичикроқ кўринади. Шимоли-ғарбидаги мақбаранинг қурилма ва безаклари оддий -ғишт (27×27,5 см)дан жуфт-жуфт қилиб терилиб, мавжли безак ҳосил қилинган. Ички хона деворларига ғиштдан ҳошияли бўртма равоқлар ишланган. Жануби-ғарбдаги мақбара шимоли-ғарбдагидан бироз кичик, кўриниши оддий, ганч сувоқлидир. Мазкур 2 мақбара орасидаги пештоқли супа тўрига меҳроб жойлашган. Сиркор кошинлар бинога алоҳида ҳусн бағишлаган. ХV-XVII асрларда қурилган мақбараларда ўша даврга хос юлдузсимон гириҳ нақшлар, ганчкори безаклар кенг қўлланилган.

 

Сурхондарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи

илмий ходимлари Ж.Нурфайзиев, С.Тўраева

 

 

Охирги янгиланиш: 23.08.2019 | 00:58