31 Август 2019
Навоий шаҳрида Мустақиллик шодиёналари

Истиқлол - буюк неъмат. Унинг ҳаётбахш сурурини ҳис этиш дилларга қувонч, ҳаяжон ва бахтиёрлик туйғусини беради. Мустақилликнинг неъматлари қалбларга янада ғайрат ва шижоат бағишлаб, юртдошларимизнинг эзгу каломида мудом эътироф этиб келинади.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллининг 28 йиллиги муносабати билан Навоий шаҳридаги “Амфитеатр” мажмуаси жорий йилнинг 29 август куни кўнгли шукроналикка лиммо-лим инсонлар билан гавжум бўлди.

Байрамона руҳда безатилган мажмуага йиғилган меҳмонлар “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида, юқори савияда ташкил этилган тадбирни ўзгача кайфият билан кутиб олишди.

Шодиёнада вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, тиббиёт муассасалари ходимлари, шоир ва ёзувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, хорижлик бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этди.

Байрамни вилоят ҳокими Қ.Турсунов очиб, барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан самимий қутлади. Давлатимиз мадҳияси янграб, унга ҳурмат бажо келтирилди.

Шундан сўнг халқимиз севган санъаткорларнинг ўзбек ва қардош тилларда ижро этилган ижод намуналари байрам иштирокчиларига хуш кайфият улашди. Айниқса, Ватан, истиқлол мадҳ этилган куй ва қўшиқлар юракларни жумбушга келтирди.

Юртдошларимизнинг юз-кўзидаги мамнунлик, шукроналик ва бахтиёрлик тилларга кўчди. Зеро, бундай кўтаринки руҳда ўтаётган шодиёналар дориламон кунларнинг қадрига етиш, тинчлик, хотиржамликдек буюк неъматни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлиги яна бир бор англатилди.

Концертда айниқса, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Тўлқин Жабборов ҳамда Дилдора Ниёзовалар томонидан куйланган қўшиқларга вилоят аҳли ва меҳмонларнинг рақслари уланиб кетди.

Байрам тантаналари шарафига турфа рангларда отилган мушаклар атрофни яна бир бор шодлик ва қувончга тўлдирди.

Истиқлолимизнинг 28 йиллик байрам тантаналари таниқли санъаткорлар иштирокида вилоятнинг шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09