03 Сентябрь 2019
ҚОДИРИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 125 ЙИЛЛИГИГА МУНОСИБ СОВҒА

Ўзбек халқининг севимли адиби, ўзбек романчилигининг илк қалдирғочи Абдулла Қодирий асарлари миллий маданиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб, йиллар давомида ўзининг қимматини йўқотмай, аксинча, қадри тобора ошиб бормоқда. Унинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон”, “Бахтсиз куёв” сингари асарлари нафақат китобсеварларнинг балки, кино ва театр мухлисларининг ҳам қалбидан чуқур ўрин эгаллаган.

Адибнинг бадиий асарлари билан бир қаторда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган бир неча асарлар ўзбек театрлари саҳнасида ўзининг  иккинчи умрини яшаб келмоқда.

Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида, айниқса, шу кунларда матбуот, телевидение ва радиоларда турли эшиттириш ва кўрсатувлар намойиш этиб келинмоқда.

Республика театрида эса адибнинг бир қатор асарлари жумладан, Ўзбек миллий академик драма театрида “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида “Анвар ва Раъно”, Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида “Хотира мангу”, Ўзбекистон давлат сатира театрида “Жулқунбой”, Сурхондарё вилояти қўғирчоқ театрида “Қодирий кулдирганда”, Каттақўрғон шаҳар драма театрида “Анвойи ташвиш” сингари спектакллар театрларимиз репертуаридан мустаҳкам ўрин эгаллаб томошабинларга намойиш этиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий ижодининг улкан аҳамиятини инобатга олиб, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, аждодларимизнинг маънавий мероси билан фахрланиш ва ифтихор туйғуларини юксалтириш ҳамда ёзувчи таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги 1027-ф-сон Фармойишида белгиланган вазифалар ижроси Ўзбекистон театрлари томонидан ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жорий йил давомида мавжуд 37 театрларда А.Қодирий асарлари асосида 14 номдаги спектакль саҳналаштирилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача улардан 8 спектакль томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Саҳналаштирилган спектакллар ичида Сурхондарё вилоят қўғирчоқ театрининг Ш.Дўстмуҳаммад асари асосида режиссёр Ш.Юсупов талқинидаги “Қодирий кулдирганда”, Ўзбекистон Давлат Ёш томошабинлар театрининг “Хотира мангу”, Қорақалпоқ Ёш томошабинлар театрининг “Меҳробдан чаён”, Ўзбекистон давлат Сатира театрининг “Жулқунбой” номли саҳна асарлари ўзининг бадиийлиги, режиссёрлик талқинлари ва актёрлик  топилмалари билан эътиборга лойиқ. Қодирий асарларининг нафақат драмик ва  мусиқали драма театрларида, балки опера ва балет, айниқса, қўғирчоқ театрлари саҳналарига кириб келгани кишини қувонтиради. 

Жумладан, А.Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида “Кумуш” операси,  Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида “Отабек ва Кумушбиби”, Ўзбекистон давлат драма театрида “Жинлар базми”, Ўзбекистон давлат ёшлар театрида “Скорпион из алтаря”, Фарғона, Наманган вилояти мусиқали драма театлари ва Самарқанд вилояти рус драма театрида “Ўтган кунлар”, Қаттақўрғон шаҳар мусиқали драма театрида “Анвойи ташвиш”, Фарғона вилояти рус драма театрида “Записки калвака”, Жиззах вилояти мусиқали драма театрида “Жулқинбой кулгилари”, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида “Бахтсиз куёв” сингари асарлар саҳналаштирилмоқда ва яқин кунларда жамоатчилик ва томошабинлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.

Ушбу ранг-баранг, бадиийликка йўғрилган спектакллар томошабинларга адиб асарлари, унинг қисқа, шиддатли, аммо мазмунли ҳаёт йўли ҳақида ўзига хос шакл ва услубларда сўзлаши билан бирга унинг 125 йиллик юбилейига муносиб туҳфа бўлиши шубҳасиз. 

 

Театрларни ривожлантириш бошқармаси

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09