04 Сентябрь 2019
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев ўзи таҳсил олган мактабга борди

Бугун Республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтди. Инсон биринчи мактабга борган куни унинг ҳеч қачон эсидан чиқмайди. Бу кун бутун умр ёдида қоладиган кундир. Маданият вазири бугун ўша кунга бир лаҳза бўлсада қайтиб, эрта тонгда ўзининг биринчи таълим олган мактабига борди. М.Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб Б.Сайфуллаевга ҳаётдаги катта йўлни кўрсатган қадрдон мактаб ҳисобланади. Вазир ўзи ўқиган ўша даврдаги мактабни бугунги даврдаги яратилган шароитлар билан умуман таққослаб бўлмаслигини таъкидлади. Яратилган шароитларни кўриб кўз қувнайди.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди.

Президент раҳбарлигида ҳеч қачон бундай йиғилиш ўтказилмаган. Мактаб масаласи - бу келажак масаласи, ҳаёт-мамот масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ёлғиз ўзи ҳал қилолмайди. Бу - бутун жамиятнинг ишига айланиши кераклигини ҳаммамиз ҳис қилгандик.

Мактаб жамоаси билан шу мавзуда ижодий учрашув бўлиб ўтди. Таълимдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Бугун яратилаётган шароитлардан ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг чексиз миннатдорлиги уларнинг кўзларидан билиниб турарди.

Бугун биринчи марта мактабга қадам ранжида этган барча ўқувчиларга ҳаётларида катта омадлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09