10 Сентябрь 2019
Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Қўқон шаҳрида биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади. Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш мақсадида тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди.

Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадим-қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Эътиборли жиҳати, Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилди. Шу кунгача жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 35 та шаҳар мазкур мақомга сазовор бўлган. Қўқон шаҳри МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб ушбу рўйҳатга киритилди.

Бугунги кунда хорижий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари ташриф буюриши кўзда тутилган 12 тарихий обидани таъмирлаш ишлари якунланди. Шунингдек, 20 дан ортиқ Қўқон миллий ҳунармандчилиги намояндаларининг уй-устахонаси, 4 маданий дам олиш маскани фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар ташрифи учун тайёрланди. Қўқон шаҳридаги хиёбонлар, йўллар ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонлар ободонлаштирилган. Фестивалнинг асосий тадбирлари “Худоёрхон ўрдаси” майдонида ўтказилади. Майдонда саҳна ва амфитеатр барпо этилди.

Марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига доир турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва сотуви ташкил этилади.

Шунингдек, фестиваль доирасида миллий либослар кўргазмали чиқишлари, аскиячи ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилади.

Фестиваль тадбирларини ҳар томонлама пухта ва бадиий жиҳатдан бетакрор усулда тайёрлаш учун юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, уста ҳунармандлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорлар жалб этилган.

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09