10 Сентябрь 2019
Санъатсевар ёшлар ЎзДСМИда

Қизиқиш ва истаклар ҳаётимиздаги бурилишларга сабаб бўлади. Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 265-ўрта мактаб 10-11-синф ўқувчилари Ёшлар иттифоқи етакчиси Шаҳзод Худойбердиев бошчилигида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ташриф буюришди. Институт Ёшлар иттифоқи етакчилари Бобур Убайдуллаев, Азмиддин Мардиев ва Аҳрор Хушвақтов билан биргаликда ўқувчиларга олий таълим муҳитини кўрсатишди. Улар интитутдаги “Фольклор ва этногарифия” кафедрасига ташриф буюришди. Кафедра мудири, доцент Ойгул Аҳмедова ўқувчиларга ўзбек фольклор санъати ҳақида ўта қизиқарли ва янги маълумотларни бердилар. Ижодкор талабалар томонидан миллий куй-қўшиқлар ижро этилди.

Ўқувчилар кўтаринки кайфиятда “Драматик театр ва кино актёрлиги” таълим йўналишининг ўқув жараёнлари ва маҳорат дарсларини кузатишди. Доцент Замира Аҳмедова актёрлик маҳорати сабоқлари ҳақида сўзлаб бердилар. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди. Ўқув аудиторияларида амалий дарс жараёнларини кўришди. Драматург, режиссёр ва актёр уйғунлигидаги ўзаро ижодий лойиҳалар яратиш, ҳамкорликда ишлаш борасидаги билимларини ўзлаштиришди.

Шунингдек, институт Ёшлар иттифоқи фаолияти билан яқиндан танишиб, олдинда турган инновацион лойиҳалар, таълим дастурлари, ижодий ҳамкорлик юзасидан зарур шартномалар ҳақида керакли маълумотларга эга бўлишди.

Мазкур ташрифдан сўнг, мактаб ўқувчилари қалбида санъат ва маданият соҳаларига бўлган қизиқиш уйғонгани шубҳасиз. Ишонамизки, улар келгусида ўз қизиқишларини ривожлантирган ҳолда ўзбек миллий санъати ва маданиятига муносиб ҳисса қўшажак!

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот хизмати котиби

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 19:40