10 Сентябрь 2019
Юртимизда таълим соҳасидаги ўзгаришлар

Бебаҳо Ўзбекистонимизда ҳар соҳада янгидан янги ўзгаришлар, қатор ислоҳотлар даври қизғин авж олмоқда. Жорий йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Россия Федерацияси Олий таълим вазирлигининг махсус делегацияси Тошкентга ташриф буюрди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Республикасида таълим тизимини янада ислоҳ қилиш масалалари илгари сурилди. Тадбирда мамлакатимизнинг қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари қатнашишди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Гўзал Холиқулова ҳам мазкур учрашувда иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси эндиликда Россия Федерацияси билан таълим тизимидаги ўзаро алоқаларини янада кенгайтиради. Мамлакатимизда ёш ва малакали кадрлар тайёрлаш, ҳар тарафлама жаҳон стандартларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириш вазифалари юзасидан тизим структураси ўрганиб чиқилди. Шунингдек, ўрта-махсус таълим соҳасини профессионал даражага кўтариш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш борасида қатор масалалар ўртага ташланди.

Таълим соҳаси доимо ривожлантириб борилиши керак, зеро бутун дунёда бўлаётган янгиликлар ва катта ўзгаришлар илм-фан тамаддунининг янги саҳифаларини очади. Эзгу мақсадларга бел боғлаган юртдошларимизга омадлар тилаймиз!

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот хизмати котиби

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.11.2019 | 19:40