11 Сентябрь 2019
Хоразм вилояти мусиқали драма театрида 97-мавсум очилиши

Театр тарихи улуғ бир китоб,

Буюк санъаткорлар руҳи ёд унда,

Отахон саҳна бу – улуғвор даргоҳ,

Босиб ўтган йўллари асрга тенгда.

Муқаддас саҳнада намоён бўлди,

Ижро қилди санъатин ижодкор аҳли.

Халқимга маънавий куч-қудрат берди,

Саҳна юзин кўрган асарлар ҳақли

(Гулинур)

Хоразм вилояти мусиқали драма театри 1922 йилда Хоразмнинг Хива шаҳрида ўз ижодий фаолиятини бошлади. 1933 йилда Хоразмнинг маркази Урганчга кўчганлиги сабабли театр жамоаси ҳам Хоразмнинг янги пойтахти Урганчга кўчирилади ва театр “Хоразм округ давлат мусиқали драма театри” номини олади. 1959 йил Муҳаммад Ризо Огаҳий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан театрга “Огаҳий номидаги Хоразм Давлат мусиқали драма ва комедия театри” номи берилди. Сал кам бир асрлик тарих силсиласида бу отахон театр замонавий янги биноларда янада такомиллашди, ўсди, ривожланди. Ушбу отахон театрда ўз касбини севган, қанчадан-қанча фидойи санъаткорлар ўз ижролари, талантлари билан элга танилиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилди.

Театрда чет эл ва рус классик драматургиясининг энг яхши таржима асарлари ҳамда миллий қадриятларимиз акс этган асарлар муваффақият билан саҳналаштирилди. Айниқса, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейинги давр мобайнида театр репертуаридан жой олган турли мавзулардаги, истиқлолимизни тараннум қилувчи, замон руҳига мос воқеалар акс эттирилган, миллий урф-одатларимиз, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, инсоний туйғуларни тараннум қилувчи тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларнинг саҳналаштирилиши театр фаолиятининг янада юксалишига сабаб бўлди.

Хоразм вилояти мусиқали драма театри 97-мавсум очилиши тадбирини Хоразм вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Ш.Яхшибоев ўзининг театр тўғрисидаги илиқ сўзлари билан очди ва ижодий жамоани театр байрами билан табриклади. Шунингдек, драматург Қ.Матризаев, театр директори Д.Ибрагимовалар ҳам мавсум очилиши билан жамоани ва томошабинларни самимий табрикладилар ва театр ютуқлари тўғрисида гапириб ўтдилар.

Театрнинг 97-мавсуми Юнус Юсуповнинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” мусиқали драмаси билан очилди. Тадбирга таклиф қилинган меҳмонлар, ўқитувчи-мураббийлар, талабалар спектаклни мароқ билан кўриб, роль ижрочиларини ҳамда ижодий жамоани давомли қарсаклар билан олқишладилар. Томошабинлар театр тарихига оид фото лавҳалар ва саҳна декорациялари кўргазмасини ҳам зўр қизиқиш билан томоша қилдилар.

Театрнинг адабий-бадиий бўлими мудири

Гулнора Қурбонова

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09