11 Сентябрь 2019
Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонасида "Энг яхши китобхон оила" кўрик-танлови

Республика Марказий кўзи ожизлар кутубхонасининг 2019 йил иш режасига мувофиқ жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2018 йил 18 сентябрдаги 739-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Энг яхши китобхон оила" кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.

"Энг яхши китобхон оила" Республика кўрик-танловини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кўриш бўйича ногиронлиги бўлган аҳоли ўртасида китобхонликни, мутолаага бўлган қизиқишни кенг жорий этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, шунингдек, китоб ўқиш, билим олишга бўлган интилишларини рағбатлантириш орқали тифлокитобхонлик маданиятини оширишдан иборатдир.

Республика кўрик-танловида кўзи ожизлар кутубхоналарининг фаол китобхон оилалалари иштирок этдилар. Иштирокчилар “Биз китобхонлар оиласи”, “Биз ўқиган китоблар”, “Моҳир қўллар” ва “Ижодкор оила” сингари 4 шарт бўйича беллашди. Шартларни бажариш жараёнида улар ўзлари ўқиган роман, ҳикоя, пьеса ва шеърларини ёддан айтиб берди. Мазкур асарлар асосида тайёрлаган саҳна кўринишларини намойиш қилди.

Шунингдек, улар ўзлари ёзган шеърлар ва куй-қўшиқларни ижро этдилар. Шартларни бажариш жараёнида иштирокчиларнинг мутолаага бўлган қизиқиши, билим олишга бўлган интилиши йиғилганларда яхши таассурот қолдирди. Танлов икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқич Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказилди. Иккинчи босқич Республика миқёсида ўтказилиб, ҳар бир вилоятдан танловнинг Республика босқичида ғолиб бўлган номзодлар кўрсатилди. Икки босқичда ҳам танлов низомга мувофиқ ўтказилиб, ғолиблар аниқланди ва уларга эсдалик совғалари топширилди.

Танлов ғолиблари:

1-ўрин Сурхондарё вилояти – Асадбек Ибрагимовлар оиласи

2-ўрин Хоразм вилояти – Неъматжон Қиличевлар оиласи

3-ўрин Навоий вилояти – Ўткир Пормановлар оиласи.

 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09