12 Сентябрь 2019
Қўқонда катта байрам: Эрта тонгдан тантанали юриш бошланди

Қўқонда тонг. Бугун қуёш ҳам бу ҳудудга ўзгача меҳр билан нур сочаётгандек. Эрталабдан кўчаларга чиққан хорижий меҳмонлар қўлларида ўз давлатларини, ҳунармандлар ва маҳаллий аҳоли эса Ўзбекистон байроғини тутганча тантанали юришни бошлади. Яъни халқаро илмий-амалий фестиваль қатнашчиларининг тантанали юришлари (парад-шествие) Худоёрхон ўрдаси майдонидан марказ йўналишида ҳаракатланмоқда. Унда қизиқчилар, жарчилар ва хон сарой аёнлари либосидаги актёрлар жамоаси иштирокчиларда ўзгача кайфият, кўтаринкилик бағишламоқда.

Худоёрхон ўрдаси жойлашган майдондаги Ҳунармандлар шаҳарчаси Халқ сайллари, қўғирчоқбозлик, дорбозлар фольклор жамоалари, вилоятлар маданият бошқармалари тайёрланган концерт дастурлари билан ўзгача қиёфа касб этмоқда.

Юришдан кейин барча иштирокчилар Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё ва Тинч океани минтақаси бўйича Президенти Кадда Кадуми хонимнинг китоби тақдимотига йиғилишади.

Бугун ўз ишининг моҳир усталари ўз қўли билан амалий санъат буюмлари ясашни истаганларга маҳорат сабоқлари намойиши ва тренинг ўтказади. Бунда Худоёрхон ўрдаси жойлашган майдондаги ҳунармандлар шаҳарчаси Риштон, Ғиждувон, Ургут, Тошкент, Каттабоғ, Мадир, Самарқанд, Андижон, Ғурумсарой, Шаҳрисабз кулолчилик мактаблари намоёндалари иштирок этади.

Кун давомида фестиваль иштирокчиларини Фарғона вилоятини диққатга сазовор қадимий ва замонавий масканларига сайёҳат кутмоқда. Мисол учун, Марғилон шаҳрига саёҳат, Саид Аҳмадхўжа эшон мадрасасида жойлашган Ҳунармандлар маркази, Ёдгорлик корхонаси ҳамда кандакор Абдулҳамид Мадалиев, тўқувчи Расулжон Мирзаҳмедов ва Абдунаби Тоштемиров устахоналари шулар сирасидан. Мадрасаи Мир, Хўжахон қози, Хазиний маданий мерос объектлари Рассомчилик ва миниатюра мактаблари намоёндалари маҳорат сабоқлари намойиши ва тренинглар кўпчилик учун унутилмас таассуротлар қолдирса, ажаб эмас.

Фестиваль иштирокчилари учун ош танлови ўтказиш ҳам режалаштирилган.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 18.09.2019 | 20:09