27 Сентябрь 2019
Илмий тадқиқотлар натижадорлигини оширишда хорижий тажриба

Ҳозирги кунда юртимизда илмий тадқиқотлар сифатини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада ҳорижий тажрибани ўрганиш мақсадида, 2019 йилнинг 1-4-сентябрь кунлари “Эрасмус плюс” халқаро дастури доирасида “Ўзбекистон олий таълим муассасаларида докторлик таълими сифатини яхшилаш УЗДОC:2.0.” мавзусидаги халқаро лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари Хорватиянинг Дубровник шаҳри, Загреб Университетида ўтказилган семинарда иштирок этишди. Йилда бир марта ташкил этиладиган семинар-тренингнинг мавзулари докторлик таълимини ривожлантиришга бағишланади. Семинар-тренинг 2018 йилдан бошлаб Pride Network ва Докторлик таълими мутахассислари ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Бу йил мастер-класснинг “Назорат қайта кўриб чиқилди: Илмий раҳбарлар-илмий тадқиқотчилар-фаровонлик ва мувозанатли учбурчакни яратиш” мавзусидаги 10-йиғилиши бўлиб ўтди.

Well-being” инглизча сўз бўлиб, тор маънода фаровонлик деган маънони англатади. Кенг маънода “Well-being” сўзи ҳаётдан қониқиш, гуллаб-яшнаш, ҳаётнинг сифати, бахт деган маънода ҳам ишлатилади.

Мастер-классни Загреб Университети профессори Мелита Ковакэвич очиб берди. Унинг айтишича, ушбу мастер-класснинг мавзуси бугунги кунда докторлик таълимининг ривожланишида жуда аҳамиятлидир. Ҳар йили ўтказиладиган семинар мавзулари долзарб бўлганлиги сабабли бутун дунёдан университетлар ўз ҳисобидан пул ажратиб ходимларни жўнатадилар. Мастер-класс давомида тингловчилар докторлик таълими тизими билан танишиб чиқадилар, фикр алмашадилар ва тизимни янада ривожлантириш йўлларини ўрганадилар. Мастер-класс UNICA ташкилоти томонидан ташкил этилган бўлиб, асосий мақсад бутун дунёдаги ОТМларда докторлик таълими сифатини яxшилаш борасида ислоҳотлар олиб бориш, дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш, илмий раҳбар ва докторант ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, диссертацияни ўз вақтида ҳимоя қила олмаган докторантларнинг муаммоларини ўрганиш, таҳлил этиш ва ечимини топишдан иборатдир.

Шу кунга қадар мастер-классда 300 га яқин тингловчи иштирок этган. Мастер-класснинг биринчи учрашуви Парижда бўлиб ўтган. Ҳозирги кунда академиядаги долзарб мавзулар фаровонлик ва ақлий соғломликка қаратилган. Чунки ҳар бир инсон бир иш бошлашдан аввал унга ақлан ва руҳан тайёр бўлиши керак. Илмий тадқиқот ишини олиб бораётган докторантга эса илмий раҳбар мотивация бериши, уни қўллаб-қувватлаши зарур. Ҳаттоки, кўпгина чет эл таълим тизимида фаровонлик марказлари ташкил этилган бўлиб, у ерда илмий раҳбарлар ва докторантлар дуч келаётган муаммолари кўриб чиқилиб, уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилар экан. Чунки илм соҳасини ривожлантираётган инсон шаҳсий ёки илм йўлидаги муаммоларга дуч келса-ю, лекин бу муаммоларни бартараф этишда ҳеч ким унга ёрдам бермаса, аниқки бундай тизимда илм-фан ривожланмайди. Бундан ташқари ушбу марказлар докторлик мактабларидаги иқтидорли докторантлардан аноним сўровномалар ўтказиб, илмий тадқиқот ишини бажаришда дуч келаётган қийинчиликларни, муваффақиятли ва муваффақиятсиз ҳимоя сабабларини ўрганадилар.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси мамлакатдаги ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича дунёда етакчига айлантирадиган "2031 йил фаровонлиги миллий стратегияси"ни тасдиқлади.

Мастер-классда Кардиф Университети профессори Кеннен Ванн фаровонлик ҳақида маъруза ўқиди. Кеннен Ван ўз маърузасини қуйидаги саволлар билан бошлади:

Фаровонлик деганда нимани тушунасиз?

Уни ўлчай оламизми?

Фаровонлик нима учун муҳим?

У нимага таъсир қилади (унинг таъсири)?

Бу соғлиқ ёки бахт билан тенгми ёки иккаласи?

Фаровонлик моделлари борми?

Ушбу саволлар киши диққатини илмий раҳбар, докторант ва институт сингари уч омилга жамлайди.

Фаровонлик (well-being) ёки саломатлик (wellness) омиллари нафақат жисмоний соғликни, балки ақлий соғломликнинг яхлит кўринишини ифодалайди. Улар қуйидагилардир:

1. Ҳиссий (ҳиссиётлар, стресслар, воқеалар билан курашиш);

2.Интеллектуал (ғояларни очиқ ифодалаш, ўрганиш қобилияти ва қарор қабул қилиш билан боғлиқ);

3. Касбий (ўз ишидан қониқиш);

4. Маънавий (ахлоқ ва ахлоқий эътиқодга эга бўлган ҳаётнинг маъноси). Йога, ибодат ва медитация бунга ёрдам бериши мумкин;

5. Ижтимоий (ижтимоий роллар/ўзаро таъсир этиш/жалб қилиш);

6. Жисмоний (соғлом овқатланиш, жисмоний машқлар орқали тананинг соғломлиги, яхши амалиётлар).

1780 йилда инглиз файласуфи Жереми Бентҳам бахт одамларнинг асосий мақсади бўлганлиги сабабли, бу омилнинг қанчалик яхши ишлашини аниқлаш усули сифатида ўлчаниши кераклигини таъкидлади.

Фаровонликка эришиш учун ташкилот қуйидагиларга амал қилиши лозим:

-Иш хавфсизлигини кафолатлаш;

-Ходимларнинг ишдан қониқишини ошириш;

-Етакчиликни намойиш этиш;

-Ташкилотнинг адолатлилигини таъминлаш;

-Ташкилотнинг мажбуриятини таъминлаш (бино/иншоотлар/ атроф-муҳит);

-Мослашувчан иш соатларига рухсат бериш;

-Илмий раҳбар ва докторантларнинг илмий изланишлари ва машаққатли меҳнатини қўллаб-қувватлаш кабилар.

Институт фаровонлиги учун эса илмий раҳбар ҳам қуйидагилар асосида таълим ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим:

- Ўз мажбурияти ва садоқатини намойиш этиш;

- Ўқитиш ёки тадқиқот олиб боришда бошчилик қилиш;

- Тадқиқот натижаларига ҳисса қўшиш;

- Жамоатчилик идрокига ҳисса қўшиш.

Докторант фаровон ҳаёт кечириши учун илмий раҳбар қуйидагиларга асосланиб уни қўллаб-қувватлаши лозим:

- Докторант учун вақтни тўғри тақсимлаб бериш ва ресурс билан таъминлаш;

- Шахсий тажриба ва билимларни баҳам кўриш;

- Докторантни қўллаб-қувватлаш ва адолатли бўлиш;

- Ҳамдард бўлиш;

- Ишончли ҳамкасби ва ишончли инсони бўлиш;

Докторантнинг илмий раҳбар фаровонлиги учун қўшадиган ҳиссаси:

- Ўз садоқатини кўрсатиш;

- Тадқиқот мавзусининг ўз вақтида ҳимояга олиб чиқиш;

- Тадқиқот натижаларига ҳисса қўшиш (гуруҳ);

Институт фаровонлигида докторлик диссертациясининг ўрни:

- Амалдаги қоидаларга риоя қилиш;

- Университет тақдим этган имкониятларни намойиш этиш;

- Имкониятлардан унумли фойдаланиш;

- Тадқиқот маданиятига ҳисса қўшиш.

Мастер-классни Лаусанне Университети профессори Жекос Ланарес давом эттирди. У фаровонлик сўзига изоҳ бериб, ундан кутилаётган натижаларни тушунтириб берар экан, унинг айтишича таълимда тушуниш, тарғиботни ривожлантириш, тажрибалар билан ўртоқлашиш тушунчалари фаровонликни ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, илм-фанни ривожлантирувчи омиллардан бири шахс экан, ҳар бир шаҳснинг мақсади бахтли яшаш ва фаровон ҳаёт кечиришдир. Бахт ва фаровонлик инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга экан, илм-фаннинг ривожланишида ҳам инсоннинг руҳий ва ақлий камолоти юқори ўринда турмоғи лозим. Бўлиб ўтган мастер-классда айнан шу ҳақда сўз юритилганлиги туфайли илм йўлида машаққат билан меҳнат қилаётган инсоннинг психологик ва фалсафий ҳусусиятларига ҳам алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги ҳақида сўз юритилди.

Илмий раҳбар ва докторант ўртасидаги ижобий муносабатлар орқали илмий тадқиқот иши янада самарали кечади ва илмнинг янги қирралари очилади. Бу эса юртимизда илм-фан ривожланишининг жадаллашувига олиб келади.

Гулноза Арипова  

 

 

 

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40