09 Октябрь 2019
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида “Ўзбек театрлари” китоб-альбомининг тақдимоти

Ўзбек театр санъати бебаҳо саҳна асарлари, кўп миллионлаб халқнинг юрагида яшаш завқи ила ривожланиб келмоқда. Сўнгги йиллар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ республика театрларини ривожлантириш, бадиий-ғоявий жиҳатдан миллат руҳини, шукроналик ва асрий қадриятларни акс эттирган профессионал даражадаги саҳна асарлари билан бойитиш, шунингдек, кенг жамоатчиликда театр санъатига бўлган қизиқиш ва муҳаббатни ошириш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида жорий йилнинг 8 октябрь куни “ЎЗБЕКИСТОН ТЕАТРЛАРИ” номли китоб-альбомнинг тантанали тақдимот маросими бўлиб ўтди. Маросимни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков очиб бериб, юртимизда ўзбек миллий санъатини янада ривожлантириш ва уни жаҳон майдонига олиб чиқиш юзасидан амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, китоб-альбомнинг яратилиш жараёни, муҳтарам юртбошимизнинг шахсан ташаббуси билан мазкур манбани яратилганлигини фахр билан айтиб ўтди. Маданият вазирлиги тизимида республика театр томошаларининг бадиий савиясини ошириш, спектаклларни нафақат ўзбек томошабинлари учун, балки хорижлик санъат тихлосмандлари учун ҳам намойиш қилиш масалалари борасида амалга оширилаётган улкан вазифалар, самарали лойиҳа ва дастурлар борасида тўхталиб ўтди.

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕАТРЛАРИ” китоб-альбоми ўзбек, рус, инглиз тилида яратилган бўлиб, юртимизда фаолият олиб бораётган 37 та театр масканининг тарихий ўтмиши, босиб ўтган йўли, ижодий-техник жамоаси, репертуари ва бугунги кундаги фаолияти борасида аниқ маълумотлар келтирилган. Энг асосийси, сифатли фотосуратлар, архив материаллари, ижодий жараёнлар, портретлар ва мутахассислар фикрлари баён этилган бўлиб, ҳозирча 500 нусхада чоп этилди. Кенгаш ҳайъати эндиликда мазкур китоб-альбомнинг электрон нусхасини яратишмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов мазкур тақдимот юртимиз маданий ҳаётидаги улкан воқеа эканлигини алоҳида таъкидлади. Манбанинг яратилиши айниқса, мавжуд театрлар ҳақидаги маълумотларнинг бир китоб-альбомда акс эттирилганлиги барча учун қувонарли ва қулай манба бўлганлигини айтиб ўтди.

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Дилафруз Қодирова ушбу китоб-альбом эндиликда санъатшуносликда илмий-тадқиқот олиб бормоқчи бўлган олимлар, педагогик фаолият билан шуғулланаётган профессор-ўқитувчилар учун ҳам керакли қўлёзма бўлиши ҳақида фикр билдирди. Мана шундай манба яратилиши неча йиллардан буён ижодкорлар қалбидаги орзу бўлганлиги, бугун Мустақиллик шарофати ила буюк орзунинг ушалганини айтиб, барчани самимий қутлади.

Дарҳақиқат китоб-альбомдаги барча маълумотлар театр масканларидан олинган бўлиб, аниқ ва ишонарли тарзда келтирилган. Саҳналаштирилган спектакллар бўйича таҳлиллар, ижодий гуруҳ борасидаги янгиликлар ҳам манбадан ўрин олган.

Тақдимот маросимида яна бир қатор олимлар, театр ижодкорлари, профессор-ўқитувчилар сўзга чиқишди. Вилоят театрлари ижодкорлари ҳам фаол қатнашиб, ушбу ҳодисадан мамнунликларини айтиб ўтдилар.

Маданият вазирлиги Театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Муқаддас Аҳметжанова маросимда модератор бўлиб, китоб-альбом яратилишида ўз ҳиссасини қўшган барча ижодий жамоага ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Ўзбекистон театрлари ижодий фаолияти Мустақиллик йилларида янада гўзаллашди, моддий-техник базалари мустаҳкамланди, янгидан таъмирлар бўлиб ўтди. Ҳозирда репертуарларда намойиш этилаётган 811 дан ортиқ спектакллар саноқсиз томошабинларга манзур бўлмоқда. “ЎЗБЕКИСТОН ТЕАТРЛАРИ” китоб-альбоми барчага содиқ хизмат қилиб, театр санъатини янада юксалишига сидқидилдан хизмат қилади. Мамлакатимизда олиб борилаётган китобхонлик тарғиботи, ёшлар маънавиятини юксалтириш ва мутолаа маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида ҳам китоб-альбом муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ижодкорларни яна бир бор қутлаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилаймиз!

 

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 17.10.2019 | 13:49