09 Октябрь 2019
“Энг гуллаган ёшлик чоғимда”

ТАЛАБАЛИК – ОЛТИН ДАВР, дейишади. Бу даврнинг беғубор онлари, бебаҳо даврлари, шўхликлари ва ўзига яраша қийинчиликлари сира хотирадан чиқмайди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ўқув театрида “Театр санъати” факультети 1-курс талабаларининг “ТАЛАБАЛИК ҚАСАМЁДИ” катта маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида институт ректори, профессор Иброҳим Юлдашев сўзга чиқиб, ёшларни талабаликка қабул қилинганликлари билан самимий муборакбод этди. Ёшларга яратилаётган турли имкониятлар, ижодий шароитлар, таълим сифатини янада ошириш борасида қилинаётган самарали дастурлар борасида сўзлади. Сўнгра, маросим анъанасига кўра Олтин калит бу йилги ижодий имтиҳонлар даврида энг юқори балл билан талабаликка қабул қилинган “Эстрада ва оммавий томошалар режиссёрлиги” таълим йўналиши талабаси Асрор Садриддиновга топширилди, барча 1-курс талабалари гувоҳномани қабул қилишди ҳамда “Талабалик қасамёди”ни биргаликда баралла айтишди.

Шундан сўнг, маросимнинг бадиий қисми бошланди. Унда этюд, пантомима, миллий ва замонавий рақслар, саҳна кўринишлари, фокус томошалари намойиш этилди.

Фирдавс Ахтамовнинг “Она” шеърий композицияси, Мафтуна Аҳмадалиеванинг “Хаёлпараст қиз” этюди, “Қўғирчоқ театр актёрлиги” таълим йўналиши талабаларининг қўғирчоқ рақси, Достон Валижонов ва бошқа дўстларининг пластик ҳаракатлари профессионал тарзда ижро этилди. Айниқса, маросимнинг финал қисмида “Эстрада актёрлиги” таълим йўналиши талабаси Обиджон Бекжоновнинг фокус ижролари барчани лол қолдирди. Гитарадаги майин, ўша қалбларга яқин “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” қўшиғи Ҳожиакбар Тожибоев ижросида гўзал жаранг сочди. Меҳмонлар саҳнада эстрада санъатининг бетакрор намуналаридан баҳраманд бўлишди. Факультет декани Анвар Қурбонов, профессор Исоқтой Жумановнинг саъй-ҳаракатлари билан истеъдодли талабаларнинг намойиш этилган ижодий ишлари тинимсиз қарсаклар остида қолди.

 

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти матбуот котиби

 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 17.10.2019 | 11:08