03 Ноябрь 2019
Таълим ва амалиёт уйғунлиги

Миллий қадриятларимиз ёшларни барча ёмонликлардан сақланадиган, яхши амалларни қилишга ундайдиган, виждонли хушёр, иродаси мустаҳкам, соғлом фикрли, жисми бақувват, жамиятга наф келтирувчи, оиласи, маҳалласи, Ватанини ҳимоя қилувчи, юртни обод қилувчи бунёдкор, ўзига юклатилган масъулиятни мукаммал адо этувчи шахс бўлиб камол топишга даъват этади.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 10 октябрдаги 01-24/1985-сонли топшириғи ҳамда Маданият вазирлигининг “Мен - дирижёр” лойиҳасини ўтказиш тўғрисидаги 628-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида юртимиздаги барча мусиқа ва санъат мактабларида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фарғона вилояти Фурқат туманида жойлашган 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчилари Қўқон шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат мактабига бориб, малакали устозлардан сабоқ олиб қайтдилар.

- Таълим масканининг маҳоратли устозлари Мардона Расулова ҳамда Йўлдошали Артиқматов томонидан ташкил этилган мастер-класс ўқувчиларда катта таассурот қолдирди, - дейди болалар мусиқа ва санъат мактаби хор синфи ўқитувчиси Ширмоной Сиддиқова, - бу ерда ўқувчиларнинг ўз қўллари билан яратган кўргазмаларини томоша қилиш асносида ўқувчиларимизда мусиқа ва санъатга меҳр-муҳаббат янада ошди.

Таълим даргоҳидан театр саҳна безаги, рангтасвир, қаламтасвир, ҳайкалтарошлик каби санъат соҳаларига оид энг қизиқарли маълумотлар билан қайтдик.

Шу куни болажонларимиз билан биргаликда Қўқон маданияти тарихи давлат музейига бориб, халқимизнинг ўзига хос санъати ва маданияти билан ўқувчиларимизни яқиндан таништирдик. Юртбошимизнинг бешта ижобий ташаббусини ўқувчиларимиз онгу тафаккурига сингдириш, уларни санъат ва маданиятга ошуфта қилиш, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маданий савиясини ошириш мақсадида уюштирилган саёҳат давомида санъат ва маданият соҳаси вакиллари томонидан тайёрланган кўргазмалар, халқ амалий санъати намуналаридан баҳраманд бўлдик.

 

Азаматжон ҚЎЛДОШЕВ,

12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори

 

 

 

Охирги янгиланиш: 13.11.2019 | 14:54