03 Ноябрь 2019
Анъанавий мақом кечаси

Ўзбек миллий мусиқа мероси авлодлар қалбига эзгулик уруғларини сочади. У руҳни тарбиялайди, маънавиятни юксалтиради, ватанпарварлик туйғуларини кўнгилга жо этади.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Иброҳим Юлдашев ташаббуси билан олий таълим муассасасида “Миллий қўшиқчилик” кафедраси томонидан ҳар ойда Анъанавий мақом кечаси ташкил этилмоқда. Кафедра мудири Миршод Элов бу галги концертда институтнинг ижодкор профессор-ўқитувчилари билан бир қаторда истеъдодли талаба-ёшларни ҳам жонли ижрога чорлади. “Сайқал” ансамбли раҳбари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аҳмаджон Дадаев “Туркманча” куйини ижро этди.

Дастурда Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров ҳамда Шомурод Дадаев ижросида “Гўзал тонг”, Адҳам Ашуров “Дийдор ўзинг”, Гўзал Акромова “Қаро кўзлар”, Башорат Тўрабева “Қўқонча”, Хотамжон Зокиржонов “Бормикин”, Зайнаб Худоёрова “Ошиқлик” каби бетакрор ашулалар янгради. Ўзбек мумтоз адабиётининг сара намуналари куйга солинган гўзал оҳанглар сеҳрида инсон руҳиятини аллалайди, ширин ҳиссиётларни уйғотади. Мазкур концерт дастури ана шундай улкан мақсадлар муштараклигида тақдим этилди.

Дастур сўнггида ректор Иброҳим Юлдашев сўзга чиқиб ижодкорларни Анъанавий мақом кечаси гўзал шукуҳда ўтгани билан табриклади. Муҳтарам юртбошимиз мамлакатимизда ўзбек миллий мусиқа меросини асраб-авайлаш, ёшлар онгига сингдириш ва келгуси авлодга етказиш борасида олиб бораётган улкан ислоҳотларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳар ойда юқори савияда ўтказилаётган Анъанавий мақом кечалари профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар учун нақадар керакли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бирга, концерт ташкилотчилари ва иштирокчилари барча жараёнларни фотолавҳага кўчириб, ўқув йили якунида педагог Миршод Элов бошчилигида катта альбом яратиш таклифини билдирдилар. Мазкур жараёнлар барчаси хотира сифатида сақланиб, келажакда институтнинг архив фондидан жой эгаллайди.

Асрларга тенг ижод – маҳорат қирраларини ва гўзал ижодий парвозларни дунёга келтиради. Зеро, тиним билмай оқаётган умр кунларида яратилган бебаҳо асарлар, бетакрор ижролар номимиз ва шонимизни мангуликка муҳрлаб қолажак!

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот котиби

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 13.11.2019 | 09:24