08 Ноябрь 2019
Ёш ижодкорнинг “Миллийликдан илҳомланган санъат” номли шахсий кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси юзасидан бугун юртимизда ёшларимизнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу ишлар натижасида ёш ижодкорлар етишиб чиқиб, ўзининг иқтидорини намойиш этиб келмоқда.

2019 йилнинг 5 ноябрь куни Ўрол Тансиқбоев ўй-музейида ана шундай иқтидор эгаларидан бири Тўлқинова Кавсар Уйғун қизининг “Миллийликдан илҳомланган санъат” номли тасвирий санъат, тарихий ва замонавий либослар тикиш, миллий заргарлик буюмлари ясаш йўналишидаги 50 дан ортиқ ижодий ишлари кўргазмаси очилди.

Кўргазмадан тарихий ва замонавий қадриятлардан илҳомланган ёш ижодкорнинг мойбўёқ, рангтасвир, қаламтасвир ёрдамида яратилган, натюрморт, манзара, кубизм, ижодий композиция каби услубларда чизилган суратлари  ўрин олган.

Шунингдек, маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган, миллий услубда тикилган Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилояти аёлларининг тарихий ва замонавий либослари, ижодкор ўз қўллари билан ясаган, Тошкент, Фарғона, Самарқанд вилоятлари аёлларининг тарихий-миллий заргарлик тўпламлари (тиллақош, зебигардон, зирак) намойиш этилган.

П.П.Бенков номидаги Республика рассомлик мактабининг 3-босқич ўқувчиси К.Тўлқинованинг мазкур  кўргазмасини ташкил этиш ва ўтказишда муассис ташкилотлар сифатида Ўрол Тансиқбоев ўй-музейи директори Фарҳод Джалилов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори Джахангир Темирходжаев, Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева яқиндан ёрдам бердилар. Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси мутахассиси Рузиева Саодат кўргазма ташкилий ишларига бевосита кураторлик қилди ҳамда ҳар жиҳатдан ёрдам ва маслаҳатларини аямади.

Кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад – юртимизда етишиб чиқаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ишлари билан бошқаларга ўрнак ва намуна қилиб кўрсатиш, иқтидор эгаларининг шижоатини намоён этишларида кўмак беришдир.

Ушбу кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўрол Тансиқбоев ўй-музейи директори Ф.Джалилов, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори Дж.Темирходжаев, П.П.Бенков номидаги Республика рассомлик мактаби директори ўринбосари Ж.Холмухаммедов, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Л.Ибрагимов, Ўзбекистон давлат санъат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Т.Нуриддинова ҳамда Республика рассомлик мактаби устозлари иқтидорли ўқувчи К.Тўлқиновани илк шахсий кўргазмаси билан табриклаб, намойиш этилган ижодий ишлар ҳақида ўзларининг ижобий фикрларини билдирдилар. Шу билан бир қаторда ёш ижодкор Кавсарнинг фаол ўқувчи сифатида илмга тиришқоқлиги, ижодда серқирралиги  юқори баҳоланиб,  Ўрол Тансиқбоев ўй-музейи ва Республика рассомлик мактаби раҳбарияти томонидан диплом билан тақдирланди.

Кўргазманинг очилиш маросимида республикамиздаги таниқли санъатшунослар, рассомлар, қатор музейларнинг илмий ходимлари, турли институтларнинг профессор-ўқитувчилари, маданият ва санъат билим юртларининг ўқитувчилари, талабалар ҳамда бошқа қизиқувчилар иштирок этдилар.  

Кўргазма жорий йилнинг 24 ноябрига қадар давом этиши режалаштирилган.

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 13.11.2019 | 14:54