09 Ноябрь 2019
Сурхондарё вилояти делегацияси Тожикистонда

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир гуруҳ нуронийлар, хожи оналар, меҳнат фахрийлари, масъуллар ҳамда маданият ва санъат ходимларидан иборат вилоят делегацияси Тожикистон Республикаси давлат чегарасида муносиб кутиб олинди.

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Турсунзода шаҳрига ташриф буюрган Сурхондарё вилояти делегациясини Турсунзода шаҳар раиси Абдуқодир Вализода бошчилигидаги фаоллар ва жамоатчилик вакиллари самимий кутиб олишди.

Даставвал, нуронийлар томонидан тожик халқининг миллий қаҳрамони, давлат ва жамоат арбоби Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Сўнг Камол ҳожи Мадумаров хонадонига ташриф буюришди.

Шунингдек, делегация аъзолари Турсунзода шаҳрининг марказий кутубхонаси ва тарихи музейи, Тожикистон Халқ демократик партияси муассислигидаги “Ҳидоят” газетаси таҳририяти, қадимий Ҳисор беклиги қалъаси, Душанбе шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, Тожикистон миллий боғи, икки халқнинг буюк сиймолари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ёдгорлик мажмуасида ҳам бўлдилар.

Сафар давомида «ТАЛКО» Тожикистон алюминий компаниясига ҳам саёҳат уюштирилди.

У ерда иштирокчилар завод қошида фаолият юритаётган “Алюминий Тожикистон” газетаси таҳририяти ва радио муҳарририятига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, ташриф давомида Тожикистон Республикаси хонандалари ҳамда Бойсун туман маданият маркази “Бойсун” фольклор-этнографик халқ ансамбли томонидан маданий тадбирлар ташкил этилди. 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 13.11.2019 | 14:54