09 Ноябрь 2019
Қалб нури – мусиқа

Оҳанг ғоятда катта қудратга эга. У барча қалбларга чуқур кириббора олади, қоронғу дилларни ўз сеҳри ила ёритади. Буни табиатан кучли қобилият соҳиблари  ҳамда чинакам санъат ихлосмандларигина тушуна оладилар. Санъаткор – юксак маданият, юқори дид, ҳар томонлама кенг дунёқараш соҳиби, профессионал мутахассис бўлмоғи лозим. Ушбу даражага эришиш учун  ўрганиш ва мунтазам изланиш талаб этилади. Ўзбекистон давлат консерваториясининг Мусиқа санъати факультетининг 3-курс талабаси Севара Мирсиддиқова ҳам ана шундай ўзига жуда талабчан ва изланувчан талабалардан биридир.     

Мусиқа унинг беғубор қалбини нур каби ёритди. Кўзлари ожиз бўлишига қарамай, Севара олти ёшидан 17-сонли кўзи ожизлар мактаб-интернати қошидаги мусиқа ва санъат мактабида Гульнора Пўлатова синфида фортепиано чалишни ўргана бошлади. Мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ, устозлар кўмагида ўз ижроси устида ишлади, меҳнат қилди. Бунинг натижасида бир қадар халқаро ҳамда Республика кўрик-танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Жумладан, 2013 йил Парижда бўлиб ўтган XIV Халқаро болалар ижодиёти фестивалида “Классик фортепиано” номинацияси бўйича I ўрин, бир қанча Республика кўрик-танловларида II-III ўринларни қўлга киритди. Кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини аъло баҳоларга тамомлаган Севара Мирсиддиқова В.Успенский номидаги РИМАЛда “Мусиқа назарияси” йўналиши бўйича ўқишини давом эттирди. Аммо фортепиано ижрочилигини ҳам Тамара Владимировна Борисовадан ўрганиб борди. Тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз лицейда ўқиш йилларида 2015 йил Курскда, 2016 йил Санк-Петербургда бўлиб ўтган “Кўриш қобилияти чекланган ижрочилар фестиваль-конкурс”ларида қатнашиб, танловлар лауреати бўлишга ҳам улгурди.

Севара Мирсиддиқова ўта масъулиятли ва ҳар бир соҳада зеҳн билан изланувчан санъаткордир. У мусиқа назарияси бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясида профессор Матёқубова Светлана Қаҳҳоровна, умумий фортепиано бўйича эса Шамирзаева Галина Юрьевна синфида қунт билан таълим олмоқда.

Севара Халқаро ва Республика миқёсида ташкил қилинган конференциялар фаол қатнашчисидир. У 2017 йил Ўзбекистонда биринчи маротаба бўлиб ўтган “TEDxMustaqillikSquare” конференциясининг энг ёш қатнашчиси бўлди. Шунингдек, 2018 йил Олмаота шаҳрида ўтказилган “Go Viral” конференциясида маъруза-концерти билан қатнашди.

Севаранинг қалбидаги мусиқага бўлган муҳаббат тинчлик бермайди. Шунча йиллик меҳнати, тинмай изланишлари самараси ўлароқ, у бугунги кунда фортепиано ижрочилигида эришган ютуқларини ўз ижросида тингловчилар эътиборига ҳавола этмоқни лозим топди.

2019 йил 28 октабрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Севара Мирсиддиқованинг фортепиано йўналиши бўйича яккахон концерти бўлиб ўтди.

Концертда Севара тарихдаги буюк композиторларнинг дунёга машҳур асарларини ўзининг катта саҳнадаги илк ижросида намойиш этди. Ўзбек фортепиано ижрочилиги мактабига эндигина кириб келаётган ёш истеъдод ҳаммамизга таниш бўлган буюк композиторлар И.С.Бах ижодидан “Партита №1” асарини, В.А.Моцартнинг “Соната №8” асарини, Л.В.Бетховеннинг “Патетик соната”сини, Ф.Б.Мендельсоннинг “Фантазия каприс” ижод намунасини ва бошқа кўплаб ўлмас асарларни ўзгача бир жозиба билан ижро этганига концерт меҳмонлари гувоҳ бўлдилар. Шу кун ўзбек фортепиано ижрочилиги мактаби сирли бармоқларга эга бўлган ва келажаги порлоқ яна бир пианиночини кашф этди десак, адашмаган бўламиз. Зотан, истеъдодлар тингловчи ва мухлислар кўз ўнгида улғайиб, камол топади.

Биз Севара Мирсиддиқовага янги парвозлар тилаб, устозлар изидан бориши ва фортепиано ижрочилиги мактабини ўзининг жозибали ҳамда сеҳрли ижролари билан доимо  бойитиб боришини тилаб қоламиз.

 

Ўтбосарова Муштарий, Ўзбекистон давлат консерваторияси

Ўзбек мақом санъати факультетининг 2-курс талабаси

 

 

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 13.11.2019 | 09:24