09 Ноябрь 2019
“Миллий мусиқа – руҳий озуқа”

2019 йилнинг 8 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Катта мажлислар залида гўзал, мазмунли, китобсеварлар, қолаверса консерватория аҳлини хурсанд қиладиган тадбир бўлиб ўтди.

“Анъанавий ижрочилик” бўлими 3-курс талабаси Маржона Тошеванинг “Тафаккур бирла...” китоби тақдимотига бағишланган маънавий-маърифий тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Тадбирни олиб борган Зуҳриддин Исомиддинов монографиянинг 2 тилда ёзилганлиги (ўзбек ва инглиз), чет эллик китобхонларга тарғибот ва ўзбек мусиқа санъати, чолғулари ҳақида маълумотлар билан таништиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Кириш сўзида Турғун Алиматов жамоат бирлашмаси раиси Алишер Алиматов ҳам китоб хусусида илиқ сўзлар айтиб, ўзбек мусиқа санъати, созгарлари, ижодкорлари ва уларни ёритишга бел боғлаган Маржона Тошева билан бўлган ҳамкорлик ишлари юзасидан фикрларини баён этди. Муаллифга ва китоб қаҳрамони Тўхтамурод Зуфаровга узоқ умр, ишларида муваффақиятлар тилади.

Ёшлар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган М.Тошеванинг ушбу  монографияси соз ва созгарлик бўйича қизиқарли маълумотлар, машҳур созгар уста Тўхтамурод Зуфаровнинг илмий-ижодий фаолияти, ҳаёт қийинчиликларига қарамай орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, ўзбек чолғуларини ясаш борасидаги тажрибалари билан кенг китобхонларни таништиришга қаратилган. 

Тадбир доирасида Уста Усмон Зуфаров ҳақидаги қисқа метражли ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди. Уларнинг ўғиллари, китоб қаҳрамони Тўхтамурод Зуфаров - “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, филология фанлари номзоди, созгар уста, телевиденияда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатуви бошловчиси ва бир қанча ҳунар эгаси ўзларининг ижодий фаолиятлари, ёшлик йилларидаги изланишлари, ота ҳунарини эгаллаш борасидаги ишлари хусусида йиғилганларга сўзлаб бердилар. Шундан сўнг “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори Лутфия Мирзаева, директор ўринбосари Зиёда Ғаффорова, Ўзбекистон давлат консерваториясининг профессор-ўқитувчилари Ўткир Қодиров, Бахтиёр Азимов, муаллифнинг онаси, қариндошлари ва яқинлари сўзга чиқиб, Маржонага ва китоб қаҳрамонига миннатдорчилик билдирган ҳолда, янги ютуқлар тиладилар.

Тадбирда консерватория талабаларидан Гўзал Мўминова синфининг дуторчилари ҳам иштирок этиб, ўз ижролари билан тадбирга файз киритдилар.

Бундай замонамиз қаҳрамонлари билан учрашувлар ёшларда юртга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш, маданият ривожи, тарғиботи учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Маржона Тошевани ушбу ютуқ билан табриклаб, келгуси ишларида омадлар тилаймиз.

 

Бахтиёр Азимов, Ўзбекистон давлат консерваториясининг

доценти, педагогика фанлари номзоди

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 13.11.2019 | 14:24