02 Декабрь 2019
“Риштон – ранглар жилоси”

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданият ва санъат кўргазмаси томонидан Республика Ҳунарманд уюшмаси Риштон бўлими билан ҳамкорликда жорий йилнинг 28-29 ноябрь кунлари устозлар изидан фаолиятларини олиб бораётган риштонлик кулолларнинг “Риштон – ранглар жилоси” номли кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада 20 дан ортиқ кулоллар ўз ишлари билан қатнашишди.

Ўзбекистонда кулолчилик халқ амалий санъатининг барча турлари қаторида алоҳида аҳамият касб этади. Қадим замонлардан бери халқ орасида сопол идишларга талаб юқори бўлган. Лаган, пиёла, кўза, хум сингари буюмлар энг каттасидан тортиб энг мўжазигача шаклан ишлатишга жуда қулай, ташқи кўриниши ҳам жуда нафис қилиб ясалган. Ўзбекистон кулолчилигида сопол буюмларнинг икки тури фарқланади: бири – куйдирилган, сирланмаган қизғиш сопол. Иккинчиси – сирланган гулдор сопол.

Риштон кулолчилигида тайёрланган сополларда, аввало тўрт хил рангдан фойдаланилади: мовий, оқ, зангори, қўнғир сариқ.

Кулолчилик намуналари аждодларимизнинг маданияти ва тарихини ўрганишда энг асосий манба бўлиб хизмат қилади. Кўргазмага ташриф буюрганлар мазкур намуналарнинг гўзаллигини томоша қилар эканлар, кулолчилик бўйича ўзларини қизиқтирган маълумотларга эга бўлдилар. 

 

Охирги янгиланиш: 10.12.2019 | 18:41