02 Декабрь 2019
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида инглиз тилида очиқ дарс бўлиб ўтди

Замонавий илғор педагогик технологиялар ёшлар потенциалини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Эстрада режиссёрлиги” 1-курс талабалари “Тиллар ва адабиёт” кафедраси ўқитувчиси Гулноза Арипованинг хорижий тил дарсидан дунёга машҳур “Қизил қалпоқча” эртагини инглиз тилида саҳналаштиришди. “The red riding hood” эртагида курснинг маҳоратли талабалари ўзига хос ролларни ижро этишди, очиқ дарс аъло кайфиятда ўтди.

Мазкур жараён 1-курсда таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ижодий маҳоратини кўрсатибгина қолмай, балки кўпроқ мутахассислик кафедралари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш, келгусида ўзбек санъатини хориж давлатларига намоён эта оладиган инглиз тилидаги саҳна ва экран асарлари сони ортишига туртки бўлади. Ҳозирги кунда таълим жараёнидаги жаҳон стандартларининг ҳам энг муҳим талаби ёшларнинг хорижий тилларни чуқур эгаллашлари ҳамда ўз мутахассисликлари ва ижоди билан халқаро майдонга чиқа олишларидир.

“Тиллар ва адабиёт” кафедраси ўқитувчиси Гулноза Арипова бу борада анчагина масъулиятли, инновацион технологиялар, креатив лойиҳалар яратишда ҳам фаол бўлиб, илмга чанқоқ, истеъдодли талаба-ёшларни инглиз тилини мукаммал эгаллашлари йўлида фидойи меҳнат қилиб келмоқда.

 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот хизмати

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 10.12.2019 | 18:41