02 Декабрь 2019
Ёшлик парвози

2017 йил 3 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ижодкор зиёли вакиллари билан ўтказган учрашуви соҳа ривожида янги тарихий даврни бошлаб берди, дейиш мумкин. Учрашувда миллий маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар танқидий таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш йўллари, ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар кўрсатиб берилди. Шунингдек, мажлисда ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ғоят муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.

Бу борада Ўзбекистон давлат консерваторияси жамоаси ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, тарғиб қилиш, рағбатлантириш учун ҳаракат қилмоқда. Қуйида ана шундай истеъдодлардан бири ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Қашқар рубоби чолғуси бўйича таҳсил олган Шоҳрух Абдуллаев ноёб истеъдодлардан. У Самарқанд санъат коллежини тамомлаб, 2013 йили Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Халқ чолғулари” бўлимига қашқар рубоби бўйича ўқишга кирди. Бу ерда моҳир устоз, профессор в.б. Баҳодир Мирфаёзов синфида таҳсил олди.

Ўқиш даврида ижро имкониятларини ошириш устида тинмай меҳнат қилди. Турли жанрдаги асарларни ўрганиб, ижро репертуарини бойитди ва кенг концерт фаолиятини олиб боришга эришди. Маҳоратли ижрочи сифатида шаклланди, тўпланган тажрибаларга таяниб, ижрочиликда муваффақиятли қўллаш имкониятига эга бўлди. Ижрочилик маҳорати, соз тутиш, жарангли овоз чиқариш, овозга шакл бериш усуллари, куйнинг жозибаси ва сеҳрини тингловчи қалбига етказа олиш Шоҳруҳ Абдуллаевда шаклланди. Мунтазам концерт тадбирларида иштирок этиб, ўз маҳоратини намойиш қилди ва мутахассислар эътиборига тушди. Консерваториядаги барча тадбирларда, педагогик амалиётда фаол иштирок этиб, билим доирасини кенгайтирди. Асарларни мустақил таҳлил қилиш, талаб даражасида талқин этиб бадиий ижро малакаларига эришди. Ўқитувчи томонидан берилган вазифаларни тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қилди ва уддалади. У 2014 йил Давлат Академик халқ чолғулари оркестрига созанда сифатида ишга таклиф этилди. Оркестрда якканавоз сифатида катта жанрдаги асарлар, концертлар ижро этиб, эл назарига тушди. Энди у турли жамоалар – халқ чолғулари оркестри, халқ чолғулари камер оркестри, симфоник оркестр билан ҳам бемалол солист сифатида катта ва моҳирона асарларни ижро этди. Турли нуфузли танловларга ҳам қатнашиб, совринли ўринларга сазовор бўлди. Бунда унга устози Б.Мирпаёзов бир томондан сабоқ берган бўлса, иккинчи томондан жўрнавозлик қилган Альфия Усманова ҳам ёрдамини аямади. Ҳамкорликдаги, бамаслаҳат қилинган иш албатта, ижобий натижага олиб келди. Табиатан одобли, тенгдошлари орасида ҳурматга эга, ўзига ва атрофидагиларга талабчан бўлган Шоҳруҳ Абдуллаев бугунги кунда ўқишни муваффақиятли тугатиб, оркестр жамоасида созанда, солист бўлиб хизмат қилмоқда. Ютуқлари кўп. Ижро асарлари ҳам турли-туман, классик композиторлар концертларидан П.Чайковскийнинг “Концерт (финал)”; А.Цыганков “Интродукция ва чардаш”; Х. Ханмамедов “III концерт”нинг 2-3 қисмлари; Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ёшлар симфоник оркестри билан Рустам Абдуллаевнинг “Қашқар рубоби учун ёзилган Концерти”; Давлат академик халқ чолғулари оркестри билан А.Бобохоновнинг “Феруза”; Н.Римский-Корсаковнинг “Қовоқари парвози”; П.Чайковскийнинг скрипка ва оркестр учун концертининг (D-dur) финал қисми; Озарбайжон халқ қўшиғи “Сандан нигаранам”, Озарбайжон халқ куйи “Ой шуъласида”; классик куйларимиздан “Мўғулчаи Дугоҳ” ва бошқалар ўрин олган. Шоҳруҳ Абдуллаев 2018 йил Қозон шаҳрида (Россия) ўтказилган “Fonte viva” Халқаро танловида 1-ўрин ва лауреатлик даражасига эришди. Жорий йилда Москва шаҳрида ўтказилган Р.М.Глиэр номидаги II халқаро танловда Гран-при совринига сазовор бўлди. Шундай ютуқлардан яна бири “Ёш ижрочилар” Республика танловидаги муваффақиятдир. 2019 йил июнь ойида ўтказилган танловда Шоҳруҳ Абдуллаев ўзининг нозик, маҳоратли ижроси билан 1-ўринга сазовор бўлди. Уни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ушбу ютуқ билан табриклаб, лауреатлик дипломини тантанали равишда топширди.

Ютуқлар ўзбек мусиқа ижрочилиги юқори, замон талаби даражасида эканлигидан далолат беради. Ўзбекистонда мусиқа таълимининг ютуқлари биргина Шоҳруҳ Абдуллаев натижалари билан чегараланмайди. Бундай ўқувчи-ёшларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ёшларимиз ҳамма вақт изланиб, ижро маҳоратларини ошириш устида меҳнат қилишдан толмайдилар. Ш.Абдуллаев ҳам шулар қатори ўз устида доим ишлайди, ижро маҳоратини тинмай оширишга ҳаракат қилади, ижро репертуарини кенгайтиришга, янги асарларни ўрганишга интилади.

Шоҳруҳ ўз ижодини ижрочилик билан чегараламайди. У ўзи ҳам ижод қилишга, асарлар яратишга ҳаракат қилади. Ўзи фаолият юритаётган “Халқ чолғулари оркестри” учун асарлар мослаштириш билан ҳам шуғулланади. Оркестр таркибига мослаштирган асарлари сифатида Г.Холиковнинг “Гулчеҳра”, М.Мухторов “Ёшлик вальси”, Қамбар Гусейнли “При лунном свете”, Камал Озарбайжон халқ қўшиғи “Сандан нигаранам”, Г.Манчини “Лунная река”, Т.Кулиев “Дарихма”, Ж.Жахонгиров “Тор ва оркестр учун Концерт”, Рамин Джавади “Игра престолов”, П.Чайковский “Скрипка ва оркестр учун Концерт” ре мажор финал қисми, Г.Ханмамедов “Концерт № 4” тор ва симфоник оркестр учун ва бошқаларни йтиб ўтиш мумкин.

Шоҳруҳ Абдуллаевнинг келгусида олган билимларини янада мустаҳкамлаб, ўзига ўхшаган тарбияли, малакали, билимли ёш авлод тарбиясида самарали фаолият юритиб, мамлакатимизнинг мусиқа санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшишига ва жаҳон саҳналарида тарғибот қилишига ишонч билдирамиз. Қашқар рубобида ижро этилган турли жанрдаги асарлар, жумладан, оркестр жўрлигида ижро этилган концертлар ҳам мусиқий маданиятимизни бойитишга хизмат қилиб келмоқда. Шу боис, Шохрух Абдуллаевга яна янги ижодий парвозлар тилаймиз.

Бахтиёр Азимов,
Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти, педагогика фанлари номзоди

 

 

 

Охирги янгиланиш: 10.12.2019 | 18:41