11 Декабрь 2019
Ёшлик парвози давом этмоқда

Консерваториянинг “Халқ чолғуларида ижрочилик” кафедраси ихтисослик фанига алоҳида урғу бериб, якка ижрочи, чолғу ўқитувчиси сифатида мустақил касбий иш фаолият кўрсатадиган, юқори мусиқа ижрочилик маҳоратига эга кадрларни тайёрлашни йўлга қўйган. Талабанинг асосий раҳбари ҳисобланган мутахассис устоз-ўқитувчи уни фақат профессионалгина эмас, балки жамиятнинг бадиий дидини, илғор мусиқа санъатини оммалаштира оладиган фаол маданият арбоби қилиб тайёрлашни мақсад қилади.

Асосий мақсад – талаба чолғу ижрочилиги, яккахон ижрочилик, ансамбль, оркестр чолғулари, жаҳон ва ўзбек мусиқа мероси ҳақида тасаввурларга эга бўлиши назарда тутилган. Талаба ихтисослик фанини ўзлаштирар экан, иқтидорини ривожлантиришга ҳаракат қилиши, ўзига хос жиҳатларини тўла намоён этиши, композиторлар услубида ихтисослашув чолғуси ижрочилигига оид барча тажрибалардан фойдаланган ҳолда созандага сабоқ бериш, жаҳон классик ва замонавий композиторларининг якка чолғу ижрочилигига, оркестрга мўлжалланган асарларни ва ансамбль, камер ансамбли ижрочилиги репертуарини ўрганиш, машҳур мусиқачи-ижрочиларнинг магнит-диск ёзувларини эшитиб ўзлаштириш, миллий ижрочилик услубини қўллай билиши каби билим ва кўникмаларни намойиш эта олсагина ихтисослик фани вазифаларини бажарган ҳисобланади.

Ихтисослик фанини ўзлаштиришда таълимнинг замонавий методлари (хусусан, интерфаол), педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ижодий ўқув жараёнида унумли қўлланилади. Бунда Ахборот-ресурс маркази компьютерлари, интернет, “Ziyonet” каби ахборот-ресурс тармоқлари, махсус веб-сайтлар саҳифаларидан унумли фойдаланиш, махсус ўқув адабиётлари – дарслик, ўқув қўлланма, услубий қўлланма, методик тавсиялар, нота графикаси юзасидан амалий компьютер дастурларидан кенг фойдаланиш назарда тутилади.

Ихтисосликни тўлиқ эгаллаган ижрочи мусиқа соҳасидаги ўрта махсус таълим муассасаларида, опера театри ва студиялар, турли ижодий жамоаларда, мусиқий маданият муассасаларида ишлаш кўникмаларини олиш имкониятларини қўллай оладилар.

Ҳозирги кунда талабаларнинг мазкур фанни ўзлаштиришлари учун ўқитишнинг илғор ва замонавий усулларидан фойдаланиш, таълим жараёнига янги информацион-педагогик технологияларнинг тадбиқ этилишиўқитувчиларнинг дарс ўтишларига кенг йўл очиб бермоқда. Дарслик, ўқув ва услубий қўлланмалар, маъруза матнлари, тарқатма материаллар, электрон материаллар, синтезаторлар ҳамда мусиқий компьютер дастурларидан фойдаланиш фанни янада чуқур ўзлаштиришда ёрдам беради. Якка (амалий) дарсларда замонавий илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланилади.

Ўқитувчиларнинг ихтисосликдаги биринчи даражали бурчлари – таълим ва тарбия ишларини муштарак ҳолда олиб бориб, малакали ижрочи-созандани тарбиялаш, амалий машғулотларда ижрочилик санъатига меҳр билан қараш, ўзи танлаган ихтисосликни эъзозлаш, севиб ўрганиш, ўқиш жараёнини тўғри ташкил этиш ҳисобланади. Асарларни танлашда ва ўқув тарбия жараёнини тўғри ташкил этишда ҳар бир талабанинг шахсий имконияти, мусиқий қобилияти, мусиқий билим доираси, ижрочилик имкониятлари даражаси эътиборга олиниши талаб этилади.

Талабаларга ўқув жараёнида аввал олган ижрочилик кўникмаларини пухталаштириш ва уларни янада ривожлантириш билан бир қаторда, ноталарни варақдан равон ўқиш, нота матнини аниқ, текис ва эркин ижро этиш созанда-ижрочиларга қўйиладиган асосий талаблардан бири ҳисобланади. Бу созанда-ижрочиларнинг умумий мусиқий-назарий билим доирасининг янада кенгайишига катта ҳисса қўшади. Натижада талабалар Давлат аттестациясига жиддий тайёргарлик кўришлари, назарий ва амалий вазифаларни тўлақонли бажаришлари учун имконият яратилади. Якунловчи 4-курс талабаларининг Давлат аттестациясига ихтисослик бўйича ижро дастурини юқори даражада тайёрлаш жараёнини янада жадаллаштириш, чуқурлаштириш, ижро дастурининг бадиий жиҳатларини ёритиш, моҳирона ижро этиш даражасига эришиш, ўқув йиллари давомида эгалланган ижро имкониятларини намойиш этиш ниятида 5-6 марта саҳнавий чиқишлар, махсус концертлар уюштириш режалаштирилади. Шундай тадбирлар орқали битирувчи талаба Давлат аттестациясида юқори савиядаги ижро маҳоратини кўрсата оладиган ҳолатга тайёрланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ижрочилик санъати ўз ривожланишининг маълум босқичини босиб ўтяпти, десак муболаға бўлмайди. Айнан композиторлик мактаблари томонидан халқ чолғулариучун махсус асарлар ёзиш имконияти яратилди. Юртимизда мусиқа санъати соҳаси бўйича истеъдодли, тажрибали устозлар томонидан юқори малакали мутахассисларнинг тарбияланаётганлиги ижрочилик санъатига, чолғуда ижро этиш ва ўрганиш услубияти йўналишларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу қаторда Ўзбекистон давлат консерваториясининг собиқ талабаси, профессор в.б. Б.Мирпаязов синфида таҳсил олган Шоҳруҳ Абдуллаев имкониятларга тўла юртнинг фарзанди эканлигидан фахрланиб, ижодий фаолиятини ривожлантириб бораётганини қувонч билан айтиб ўтмоқчимиз. У Халқаро ва республика танловлари совриндори, созандалик билан бирга устозлик фаолиятини ҳам уйғун ҳолда олиб бормоқда. У“Sibilius” нота ёзиш дастури орқали бир неча асарларни ноталаштирди. Қашқар рубоби учун асарлар яратишга эришди, асосийси чолғуда ижро маҳоратини ошириб, турли саҳналарда концерт дастури билан чиқишлари орқали тингловчилар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Шундай тадбирлардан бири шу йил 4 декабрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясининг Орган залида бўлиб ўтди. Дастур турли миллат, жанрга мансуб композиторлар асарларидан иборат бўлиб, айрим асарлар биринчи бор саҳнада ижро этилди.

Жумладан, Шоҳруҳ Абдуллаев рубоб ва фортепиано учун мослаштирган Дони Зокировнинг “Кўрмадим”, Васиф Адигезаловнинг “Гвоздика”, Хасан Ризаевнинг “Скерцо”, Ариф Меликовнинг “Комденинг орзулари” (“Икки қалб достони” балетидан), Абдукарим Усмоннинг “Концерт Фантазия”; Саид Рустамовнинг “Хардасан”, Сардар Фарасовнинг “Рондолетто”, Александр Цыганковнинг “Коробейники” (рус халқ куйи), Франсис Лэйнинг дуэт ва фортепиано учун мослаштирилган “Мелодия” (“Муҳаббат тарихи” кинофильмидан), Ш.Абдуллаев дуэт ва фортепиано учун мослаштирган асарларини Тоҳир Ражабий ва Шоҳруҳ Абдуллаев ижро этдилар.

Шоҳруҳ Абдуллаев рубоб ва фортепиано учун мослаштирган Камал мусиқаси, қашқар рубоб ва фортепиано учун мослаштирган “Сандан нигаранам” асарларини Шоҳруҳ Абдуллаев, Тоштемур Шукуруллаев, Фахриёр Қосимов ва Альфия Абдуллаевалар ижро этдилар.

Али Ниязымбетовнинг “Севги фазоси”, Gipsy Kingsнинг “A Mi Manera” мусиқаларини Ш.Абдуллаев ва концерт меҳмони А.Ниязымбетов; Хожи Абдулазиз Абдурасуловнинг “Гулузорим”– концерт меҳмони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Ражабийлар томонидан моҳирона ижро этилди.

Халқаро ва республика танловлари совриндори, қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Альфия Абдуллаева ушбу концертда жўрнавозлик қилиб ўз маҳоратини намойиш этди.

Ҳар томонлама яхши ташкиллаштирилиб, мазмунли ўтадиган бундай концертлар созандалар маҳорати, бадиий ижро, талқин, чолғунинг ижро имкониятларини намойиш этиш билан бирга, тингловчилар, айниқса ёш созандаларга ибрат вазифасини ўтайди.

Концертга ташриф буюрганларда катта ижобий таассурот қолдирган Шоҳруҳ Абдуллаев ва концерт ижрочиларига эса яна янги ижодий парвозлар тилаймиз!

 

Бахтиёр Азимов, педагогика фанлари номзоди, Ўзбекистон давлат консерваториясининг

“Халқ чолғуларида ижрочилик” кафедраси доценти

 

 

 

 

Охирги янгиланиш: 16.07.2020 | 00:27