16 Январь 2020
Ўзбекистон давлат санъат музейида Музейшунослик кафедраси филиали очилди

Янгиланиш даври малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида туб ислоҳотларни амалга оширишни талаб этмоқда. Сўнгги йилларда мактабгача таълим, ўрта таълим, ўрта махсус профессионал таълим, олий таълим қолаверса, олий таълимдан кейинги таълим тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда бунинг гувоҳи бўламиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сон Фармони соҳада яқин йилларда амалга оширилиши керак бўлган муҳим стратегик мақсадлар ва йўналишларни белгилаб берди.

Хусусан, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш борасида кўрсатилган вазифалар институт кафедраларининг ташкилотлардаги филиалларини очиш заруриятини кўрсатмоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Музейшунослик кафедраси филиалининг Ўзбекистон давлат санъат музейида очилиши етук малакага эга музейшунос кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, 1997 йилдан институтда музейшунослик соҳасида кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган. 2001 йилда Музейшунослик кафедраси ўз фаолиятини бошлади. 2018-2019 ўқув йилидан институтда Музей педагогикаси, Музейшунослик (музей менежменти ва маданий туризм), Музейшунослик (музей предметлари экспертизаси, консервациялаш ва таъмирлаш) бакалавр босқичи янги таълим йўналишлари, Музейшунослик (музей предметлари экспертизаси, консервациялаш ва таъмирлаш) сиртқи таълим йўналишлари очилди. Ҳозир музейшунослик йўналишининг бакалавр таълим йўналишида 191 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, Музейшунослик (тарихий маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш) магистратура мутахассислиги бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Музейшунослик. Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ихтисослигида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, Музейшунослик кафедраси филиалининг Ўзбекистон давлат санъат музейида очилиши музейшунос кадрларни тайёрлаш назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, хусусан музей реставрация лабораториясидаги жараёнлар билан яқиндан танишиш, музей фонд заҳирахонасига оид ҳужжатлар билан ишлаш, экспозиция яратиш жараёнларини ўрганиш, шу билан бирга музей ходимларини илмий фаолиятга йўналтириш, таълим тизимида соҳага кириб келаётган ислоҳотлар билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, санъат асарларини музейлар фондига тўплаш, консервация ва реставрация қилиш, уларни томошабинга намойиш этиш масаласи музей ходимларидан назарий ва амалий кўникмаларни талаб этади.

Айтиш керакки, Музейшунослик кафедраси филиалининг очилиши бу соҳага етук малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги муҳим қадамлардан бири саналади.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 01.04.2020 | 20:21