16 Январь 2020
Брайль ёзувидаги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун Маданият вазирлигида Брайль ёзувидаги китобларнинг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 18 сентябрдаги 739-сонли қарорида ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган ахборот-кутубхона хизмати сифатини яхшилаш, уларнинг ахборотга бўлган талабини қондириш ва бўш вақтларини мазмунли ўтишини таъминлаш борасида асосий вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу қарор ижроси доирасида Маданият вазирлиги Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасида ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш, уларнинг маданий эҳтиёжларини қондириш учун замонавий, юқори самарали ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг мунтазам ва мустақил равишда билимини оширишга кўмаклашиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада 2019 йилдаги энг катта ютуқларимиздан бири бу Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасининг Брайль ёзувида китоб чоп этувчи (Релеф харфли) босмахонасида 11 номда мингтадан ортиқ китоблар чоп этилгани бўлди. Булар:

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида (кирилл);

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида (рус тилида);

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида;

Ўлмас Умарбеков “Одам бўлиш қийин”;

Хильда Хукхем “Етти иқлим Султони”;

Абдулла Кодирий “Меҳробдан чаён”;

Абдулла Кодирий “Ўткан кунлар”;

Муҳаммад Юсуф “Қизғалдоғим”;

Ўзбекистон Республикаси қонуни. Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида;

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар;

Тўлепберген Қаипбергенов “Маманбий афсонаси”.

Шунингдек, Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси овоз ёзиш студиясида 2019 йилда 10 номда 170 нусхада, 2017-2019 йиллар мобайнида 31 номда 527 нусхада аудио китоблар ёзилиб вилоят кўзи ожизлар кутубхоналарига тарқатилди. 95 номдаги 380 та аудио нашрлар магнит тасмаларидан қайта тикланиб дискларга кўчирилди.

Шу кунгача Ўзбекистонда кўз касалликлари бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун хеч қандай интерактив компьютер ўйинлари жорий қилинмаган эди. Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси (дастурчи Бобоқулов Шерзод) томонидан “Smаrt-bomb”, “City’s” “Сокровище пещеры Монте-Кристо” номлари билан кўз касалликлари бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун интерактив-саргузаштли ўйинлар жорий қилинди.

Шунингдек, мутахассис Шерзод Бобоқулов муаллифлигида Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси овоз ёзиш студияси томонидан кўз касалликлари бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун “Adobe Audition дастурини аудио подкастлар ёрдамида ўрганамиз” номли аудио ўқув қўлланмаси ёзилди.

Китобхонларнинг талаб ва истакларига биноан Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасининг TELEGRAMM (https://t.me/rmkok), FACEBOOK (РМКОК кутубхона) ва INSTAGRAM (@Rmkok Kutubxona) ижтимоий тармоқ ҳамда массенджерларида ўз сахифалари ташкил этилган бўлиб, китобхонлар бевосита янгиликлардан ва янги нашрлардан хабардор бўлиб туради.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 21.02.2020 | 19:18